Ҳасанбой Дўсматовга мухлислик қилдим – Тўқаев
Спорт
−
09 Август
26703Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Марказий Осиё давлат раҳбарларининг Остонадаги учрашувида Президент Шавкат Мирзиёевни ўзбекистонлик спортчиларнинг Олимпиададаги натижаси билан табриклади. Бу ҳақда “1bol.kz” хабар берди.
Тўқаев Мирзиёевни қутлар экан, Ўзбекистоннинг икки спортчиси икки карра Олимпия чемпиони бўлганини таъкидлади.
“Олимпиададаги муваффақият билан табриклайман! Боксчи Ҳасанбой Дўсматов Олимпиада чемпиони бўлди. Таэквондочиларингиз ҳам чемпионлик унвонини қўлга киритди. Ҳаммамиз мухлислик қилдик”, деган Тўқаев.
Ўз навбатида, Президент Шавкат Мирзиёев ҳам ўз миннатдорчилигини билдирган.
Маълумот учун, Париж шаҳрида давом этаётган Олимпиада ўйинларининг таэквондо баҳсларида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган 22 ёшли Улуғбек Рашидов кетма-кет икки карра Олимпиада чемпионига айланди. Шунингдек, -51 кг вазнда ҳал қилувчи жангга етиб келган Рио-2016 Олимпиадаси чемпиони Ҳасанбой Дўсматов олтин медаль учун жангда мезбонлар боксчиси Беннама Билолга қарши рингга кўтарилиб, ғалаба қозонди ва икки карра Олимпиада чемпионига айланди.