Мирзиёев Германияга боради
Жамият
−
22 Март 2023
11406Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 1-2 май кунлари Германияга боришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда у кеча, 21 март куни Наврўз тантаналари чоғида айтиб ўтди.
Президент “Янги Ўзбекистон” боғидаги Наврўз байрамига бағишланган тантаналардан сўнг Ўзбекистон немислари маданият маркази кўргазмасини бориб кўрган ва марказ раиси Лена Миронова билан суҳбатлашган. Суҳбат чоғида Мирзиёев Германияга бўлажак ташрифидан сўз очган.
“1-2 май кунлари ташрифим бор. Дўстим Штайнмаер (Германия федерал президенти Франк-Валтер Штайнмаер) таклиф қилди. Мен, албатта, у ерда бўламан”, деган давлат раҳбари.
Ўз ўрнида, немис маданият маркази раиси Лена Миронова Бош вазир Абдулла Ариповнинг жорий йилнинг март ойи бошида Германияга ташрифи давомида кўплаб келишувлар имзоланганини таъкидлаган.
“Бунақаси ҳеч қачон бўлмаган. Бизда аллақачон тизим мавжуд. У ерда бизни тўғри тушунишади ва мен буни жуда қадрлайман. Буларнинг ҳаммаси бўлмоқда. Энг ёмон ҳолатда ҳам ўзимиз учун хулоса чиқаришимиз керак, шунда тинчлик, дўстлик бўлади”, деган Шавкат Мирзиёев.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Германияга 2019 йилнинг январь ойида борган. 2019 йилнинг май ойида эса Германия Президенти Франк-Валтер Штайнмаер Ўзбекистонга келган.