Мирзиёев Душанбега етиб борди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 9 октябрь куни амалий ташриф билан Тожикистон Республикасига борди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Душанбе халқаро аэропортида давлат раҳбарини Тожикистон Республикаси Бош вазири Қоҳир Расулзода ва бошқа расмий шахслар кутиб олди.

Ташриф дастурига мувофиқ, Ўзбекистон етакчиси "Марказий Осиё - Россия" форматидаги иккинчи саммитда ҳамда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этади.

“Россия-Марказий Осиё” саммити бугун, 9 октябрь куни тушдан кейин бошланади. Бу форматдаги учрашувларнинг иккинчиси бўлади, биринчиси 2022 йил октябрида Остонада ўтказилган. Ушбу форматда Владимир Путин Марказий Осиёнинг беш давлати – Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон Президентлари билан учрашади. Ушаковнинг айтишича, кун тартибида савдо-иқтисодий, молиявий, инвестицион, саноат, логистика, энергетика ва бошқа соҳалардаги олти томонлама ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилади. Якуний ҳужжат сифатида етакчилар 20 дан ортиқ банддан иборат коммюнике қабул қилади.

Эртага, 10 октябрь куни Душанбеда МДҲ давлат раҳбарлари кенгашининг йиғилиши ўтказилади. Унда Ўзбекистон, Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Туркманистон раҳбарлари иштирок этади. Дастлаб фақат давлат раҳбарлари ва МДҲ Бош котиби Сергей Лебедев иштирокидаги тор доирадаги йиғилиш бўлади, сўнгра тушлик атрофида кенгайтирилган таркибдаги учрашув ўтказилиб, унда Сергей Лебедев ҳамда Россия инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Татьяна Москалькова сўзга чиқади.

Саммитда давлат раҳбарлари янги формат – “МДҲ+”ни ташкил этиш масаласини муҳокама қилади. Бу форматга учинчи мамлакатларнинг қўшилиши назарда тутилади. Ўхшаш тизим BRICS ва ШҲТ доирасида ҳам амал қилади. Владимир Путин ўз нутқи давомида МДҲ раҳбарларини декабрь охирида анъанавий тарзда ўтказиладиган норасмий учрашувга Санкт-Петербургга таклиф қилади. Унинг аниқ санаси ҳозирча белгиланмаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев МДҲ Тожикистон Ўзбекистон Марказий Осиё - Россия

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг