Мирзиёев Бутунхитой қўмитаси Раиси Чжао Лэцзи билан учрашди
Жамият
−
24 Январь
2600Бугун, 24 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Хитойга давлат ташрифи доирасида Халқ сиёсий маслаҳат кенгаши Бутунхитой қўмитаси Раиси Чжао Лэцзи билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Суҳбатда Ўзбекистон-Хитой муносабатларида юксак даражага эришилгани, кейинги йилларда ўзаро савдо ҳажми икки баробар, қўшма корхоналар сони уч баробар ошгани қайд этилган.
“Ҳудудлараро кооперация кенгайди, 22 январь куни Урумчи шаҳрида бўлиб ўтган биринчи Ўзбекистон-Хитой ҳудудлар форумининг самарали натижалари бундан далолат бермоқда”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, Хитойнинг камбағалликка қарши курашиш борасидаги тажрибаси фаол жорий қилинмоқда. Учрашувда Ўзбекистон техник йўналишлар бўйича мутахассислар тайёрлаш марказларини ташкил этиш, Хитойнинг ижтимоий ҳимоя ва суғурта, аҳолига манзилли ёрдам кўрсатиш борасидаги тажрибасини ўрганишдан манфаатдор экани таъкидланган.
“Парламентлар ўртасидаги мулоқотни кенгайтириш ва “Ўзбекистон-Хитой” дўстлик гуруҳларини фаоллаштириш зарурлиги қайд этилди. Олий даражадаги келишувларнинг амалга оширилиши устидан таъсирчан парламент назоратини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди”, дейилади хабарда.
Шунингдек, маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари юзасидан фикр алмашилган. Ўтган йили Ўзбекистонда Хитой маданияти кунлари ўтказилгани, айни пайтда Пекинда Ўзбекистон маданияти кунлари бўлиб ўтаётгани қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 23 январ куни Шавкат Мирзиёев рафиқаси билан бирга давлат ташрифи билан Хитой Халқ Республикасига етиб борганди. Уни "Шоуду" халқаро аэропортида ХХР Маданият ва туризм вазири Сун Ели ва бошқа расмий шахслар кутиб олди. Бугун, 24 январь куни эса Шавкат Мирзиёев давлат ташрифини ХХР Давлат кенгаши Бош вазири Ли Цян билан учрашувдан бошлади.