Мирзиёев Хитой Бош вазири билан учрашди
Жамият
−
24 Январь
4295Бугун, 24 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикасига давлат ташрифини ХХР Давлат кенгаши Бош вазири Ли Цян билан учрашувдан бошлади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Халқ йиғинлари уйида ўтган учрашувда кўп қиррали амалий ҳамкорликни, энг аввало, савдо-иқтисодий соҳада янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилган.
ХХР ҳукумати раҳбари икки мамлакат етакчиларининг сиёсий иродаси ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли Ўзбекистон-Хитой муносабатлари барча соҳа ва йўналишларда мисли кўрилмаган даражага кўтарилганини айтган.
“Ўтган йилда товар айирбошлаш 50 фоизга ошиб, рекорд кўрсаткич – 14 миллиард долларга етди. Бу кўрсаткични, шу жумладан юқори сифатли саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ўзаро етказиб беришни кўпайтириш ҳисобига 20 миллиард долларга етказиш учун салоҳият мавжудлиги таъкидланди. Хитойдан Ўзбекистон иқтисодиётига киритилган инвестицияларнинг умумий ҳажми 14 миллиард доллардан ошди”, дейилади хабарда.
Мирзиёев ва Цян инфратузилмани модернизация қилиш, саноат кооперациясини, қишлоқ хўжалигида технологиялар трансферини кенгайтириш ва “яшил” энергетикани ривожлантириш бўйича алоҳида ҳамкорлик дастурларини тайёрлаш масалаларини муҳокама қилган.
Шунингдек, Хитойнинг етакчи банк-молия институтлари билан амалий ҳамкорликни чуқурлаштириш ҳамда Хитой компанияларининг Ўзбекистондаги хусусийлаштириш жараёнларида иштирок этиши истиқболлари кўриб чиқилган.
Бундан ташқари, кеча, 22 январь куни Урумчи шаҳрида ўтган биринчи Ўзбекистон-Хитой ҳудудлар форуми ва саноат кўргазмаси натижалари юқори баҳоланган.
Хитойда шу кунларда таълим форуми ва Ўзбекистон маданияти кунлари муваффақиятли ўтказилаётгани қайд этилган. Томонлар авиақатновлар ва сайёҳлик алмашинувини янада кенгайтириш муҳимлигини таъкидлаган.
Якунда Президент Мирзиёев ХХР Давлат кенгаши Бош вазирини ташриф билан Ўзбекистонга келишга таклиф қилди.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 23 январь куни Шавкат Мирзиёев рафиқаси билан бирга давлат ташрифи билан Хитой Халқ Республикасига етиб борганди. Уни "Шоуду" халқаро аэропортида ХХР Маданият ва туризм вазири Сун Ели ва бошқа расмий шахслар кутиб олди.