Мирзиёев БМТ минбарида ўзбек тилида нутқ сўзлади

Жамият

image

Кеча, 19 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳридаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош қароргоҳида БМТ Бош Ассамблеяси 78-сессиясининг умумсиёсий мунозаралари бошланди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.

Сессия раиси Деннис Фрэнсис бошчилигида ўтаётган мунозараларнинг биринчи кунида БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, аъзо мамлакатлар етакчилари – Америка Қўшма Штатлари Президенти Жозеф Байден, Бразилия Федератив Республикаси Президенти Луис Инасиу Да Силва, Туркия раҳбари Ражаб Тойиб Эрдўған, Жанубий Африка Республикаси Президенти Сирил Рамафоса, Қатар Давлати Амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний ва бошқа давлатлар раҳбарлари иштирок этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўз нутқида ҳамжиҳатлик ва амалий ҳамкорлик руҳини сақлаш, умумий манфаатларни мавжуд зиддиятлардан юқори қўйган ҳолда мамлакатларни жипслаштириш зарурлигини қайд этган.

“Биз ўтган йили умумий хавфсизлик ва тараққиётга қаратилган “Самарқанд бирдамлик ташаббуси”ни илгари сурдик. Асосий мақсадимиз мамлакатларимиз ва халқларимизнинг бугунги куни ва истиқболи учун масъулиятни ҳар томонлама чуқур англаш, очиқ ва конструктив ҳамкорликка тайёр барча томонларни глобал мулоқотга жалб қилишдан иборат”, дейди Ўзбекистон етакчиси.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби ташаббуси билан келгуси йилда Келажак саммити ўтказилиши халқаро ва минтақавий тараққиётнинг долзарб муаммоларини ҳал этишга, Ташкилотнинг таъсири ва самарадорлигини янада оширишга хизмат қилишига ишонч билдирилган.

Давлат раҳбари кейинги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларга алоҳида тўхталиб, глобал ва минтақавий кун тартибидаги энг долзарб масалалар ечимига қаратилган қатор ташаббусларни илгари сурган.

“Биз ҳуқуқий, дунёвий, демократик ва ижтимоий давлат бўлмиш Янги Ўзбекистонни барпо этиш сиёсатини қатъий давом эттирмоқдамиз. Мамлакатимиз “Инсон қадри ва манфаатлари учун” деган эзгу ғоя асосида демократия ва адолат тамойилларини мустаҳкамлашга қаратилган туб ислоҳотлар йўлидан дадил илгари бормоқда”, дейди Президент. 

Ўзбекистонда янгиланган Конституция бўйича ўтказилган умумхалқ референдуми тараққиётнинг устувор йўналишларини белгилаб бергани қайд этиб ўтилган.

“Асосий қонунимизда миллати, тили ва динидан қатъи назар, барча фуқароларнинг тенглиги, инсон ҳуқуқлари, сўз ва виждон эркинлиги принципларига садоқат яна бир бор тасдиқланди. Шу ҳуқуқий асосда қабул қилинган “Ўзбекистон – 2030” тараққиёт стратегияси Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадларига уйғундир”, дейилади давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабарида.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг