Мирзиёев Бишкекка боради

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаровнинг таклифига биноан Туркий давлатлар ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этиш учун 5-6 ноябрь кунлари амалий ташриф билан Бишкек шаҳрида бўлади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

"Бу галги саммит кун тартибидан ташкилот доирасидаги кўп томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари ўрин олган. Ҳар доимгидек, сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш, ишбилармонлик алоқаларини рағбатлантириш, маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш вазифалари эътибор марказида бўлади", дейилади хабарда.

Шунингдек, етакчилар халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашади.

Йиғилиш якунида қатор қўшма қарор ва ҳужжатлар, жумладан, мамлакатимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган Туркий дунё Хартияси қабул қилиниши кўзда тутилган.

Саммитда ташкилотга аъзо беш давлат – Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон раҳбарлари, шунингдек, ташкилотнинг кузатувчи-мамлакатлари раҳбарлари иштирок этади. Бўлажак саммитнинг мавзуси “Турк дунёсини мустаҳкамлаш: иқтисодий интеграция, барқарор ривожланиш, рақамли келажак ва барча учун хавфсизлик”.

Маълумот учун, Туркий Давлатлар Ташкилотининг 10-юбилей саммити ўтган йили 3 ноябрда Қозоғистон пойтахти Остонада бўлиб ўтган. Унда Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ва кузатувчи мамлакатлар – Венгриядан Бош вазир Виктор Орбан, Туркманистондан Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов иштирок этган. Жорий йил 6 июлда эса Озарбайжоннинг Шуша шаҳрида Туркий Давлатлар Ташкилотининг норасмий саммити бўлиб ўтди. Олий даражадаги норасмий учрашувда Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Туркия вице-президенти Жавдат Йилмаз, ТДТ Бош котиби Кубаничбек Омуралиев, шунингдек, Туркиядан ўзга ҳеч бир мамлакат томонидан тан олинмаган Шимолий Кипр Турк Республикаси раҳбари (ташкилотда кузатувчи мақомига эга) Эрсин Татар, Венгрия Бош вазири Виктор Орбан қатнашди.  

Эслатиб ўтамиз, кеча, 4 ноябрь куни Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған давлат ташрифи билан Қирғизистонга етиб борганди. У ҳам эртага, 6 ноябрь куни бўлиб ўтадиган Туркий давлатлар ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг 11-саммитида иштирок этади.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Бишкек Туркий давлатлар ташкилоти

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг