Шушада ТДТ давлат раҳбарларининг норасмий саммити бошланди
Олам
−
06 Июль
5252Озарбайжоннинг Шуша шаҳрида Туркий Давлатлар Ташкилоти (ТДТ) давлат раҳбарларининг норасмий саммити бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда Озарбайжон Президенти матбуот хизмати хабар берди.
Олий даражадаги норасмий учрашувда Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Туркия вице-президенти Жавдат Йилмаз, ТДТ Бош котиби Кубаничбек Омуралиев, шунингдек, Туркиядан ўзга ҳеч бир мамлакат томонидан тан олинмаган Шимолий Кипр Турк Республикаси раҳбари (ташкилотда кузатувчи мақомига эга) Эрсин Татар, Венгрия Бош вазири Виктор Орбан қатнашмоқда.
Маълумот учун, ТДТ норасмий саммитининг мавзуси “транспорт алоқалари ва иқлим ўзгаришига қарши кураш орқали барқарор келажакни қуриш” бўлади.
Ўрта йўлак ва бошқа транспорт алоқаларини мустаҳкамлаш, шунингдек, Озарбайжон 11-22 ноябрь кунлари қабул қиладиган БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича асосий конвенцияси (COP 29) томонларининг 29-конференциясига тайёргарлик масалалари муҳокама қилинади.
Учрашув ТДТ доирасида ва Қорабоғ декларацияси лойиҳалари бўйича бир қатор қўшма ҳужжатлар қабул қилиниши назарда тутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 6 июль куни Туркий Давлатлар Ташкилотининг норасмий саммити доирасида Венгрия Бош вазири Виктор Орбан билан учрашув ўтказганди.
Азизбек Эшмаматов
LiveБарчаси