Мирзиёев Шушада Орбан билан учрашди
Жамият
−
06 Июль
7496Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 6 июль куни Туркий Давлатлар Ташкилотининг норасмий саммити доирасида Венгрия Бош вазири Виктор Орбан билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, учрашувда Ўзбекистон-Венгрия кўп қиррали муносабатларининг долзарб масалалари кўриб чиқилган. Мамлакатлар ўртасидаги стратегик шериклик ва амалий ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилган.
“Барча даражаларда фаол мулоқотлар давом этмоқда. Май ойида Тошкент шаҳрида қўшма Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши ва бизнес форуми самарали ўтказилди. Кейинги йилларда товар айирбошлаш ҳажми қарийб икки баробар ошди, қўшма лойиҳа ва корхоналар сони кўпаймоқда, 30 июндан Тошкент ва Будапешт ўртасида тўғридан тўғри авиақатновлар тикланди”, дейилади хабарда.
Шунингдек, саноат, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, логистика, қурилиш ва бошқа йўналишларда кооперация лойиҳаларини амалга оширишни жадаллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Инвестиция лойиҳаларининг янги портфелини тайёрлаш ва жорий йил якунига қадар Қўқон шаҳрида Ҳудудлар форумини ўтказиш муҳимлиги таъкидланди.
Билдирилишича, таълим, маданият ва спорт соҳаларидаги ҳамкорлик фаоллашган. Икки мамлакат халқларини яқинлаштиришга қаратилган маданий тадбирларни ўтказиш зарурлиги таъкидланди.
Туркий Давлатлар Ташкилоти ва Европа Иттифоқи доирасидаги ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 5 июль куни Шавкат Мирзиёев Туркий Давлатлар Ташкилотининг норасмий саммитида иштирок этиш учун Шуша шаҳрига борган ва у ерда Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ва Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ҳамроҳлигида Гавҳар Оға масжидини зиёрат қилиб, бу ерда амалга оширилган реставрация ишларининг натижаларига баҳо берганди.
LiveБарчаси