Мирзиёев Бердимуҳамедовни табриклади
Жамият
−
22 Сентябрь 2023
5146Бугун, 22 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев туркманистонлик мавқедоши Сердар Бердимуҳамедовга телефон қилиб, уни туғилган куни билан табриклади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
“Давлат раҳбари Туркманистон Президентини таваллуд куни билан самимий қутлаб, унга катта муваффақиятлар, қардош туркман халқига фаровонлик ва равнақ тилади”, дейилади матбуот хизмати хабарида.
Қайд этилишича, суҳбат давомида икки томонлама муносабатлар ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари кўриб чиқилган.
Мулоқот давомида жорий йилнинг октябрь ойида Тошкентда Туркманистон маданияти кунлари ўтказилиши маълум қилинган.
“Ўзбекистон ва Туркманистон Президентлари Марказий Осиёда ўзаро манфаатли ҳамкорликни, шу жумладан амалдаги кўп томонлама форматлар доирасида кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашди”, дейилади хабарда.
Телефон мулоқоти якунида Шавкат Мирзиёев Туркманистон Президенти ва халқини бўлажак Мустақиллик куни билан ҳам табриклаган.
Маълумот учун, Сердар Бердимуҳамедов 1981 йил 22 сентябрда Ашхобод шаҳрида стоматолог (кейинчалик мамлакат президенти) Гурбангули Бердимуҳамедов оиласида туғилган. 2022 йилда ҳукмрон Демократик партия Сердар Бердимуҳамедовни Туркманистон президентлигига навбатдан ташқари сайловларида номзод қилиб кўрсатди ва 72,97 фоиз овоз билан ғалаба қозонди.
LiveБарчаси