Мирзиёев “Арқадағ”ни таваллуд куни билан табриклади
Жамият
−
29 Июнь
4098Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 29 июнь куни Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Миллий Кенгаши Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқот қилиб, уни таваллуд куни билан табриклади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Мирзиёев Туркман халқининг миллий етакчисига мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ва катта муваффақиятлар, қардош Туркманистон халқига тинчлик-осойишталик ва равнақ тилади.
“Миллий етакчининг замонавий Туркманистонни барпо этиш ва жадал ривожлантириш, мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузини ошириш, кўп қиррали Ўзбекистон-Туркманистон дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашдаги тарихий ўрни алоҳида қайд этилди”, дейилади хабарда.
Кейинги йилларда икки томонлама ҳамкорликда эришилган ютуқлар алоҳида мамнуният билан қайд этилди. Товар айирбошлаш ҳажми ошмоқда, чегараолди савдо зонаси ташкил этилмоқда, муҳим қўшма иқтисодий ва гуманитар дастурлар амалга оширилмоқда.
Етакчилар қўшма Ҳукуматлараро комиссиянинг бўлажак йиғилишида саноат, транспорт, энергетика, қишлоқ хўжалиги соҳалари, ҳудудлараро ва маданий алмашинувни ривожлантириш бўйича янги кооперация лойиҳаларини ишлаб чиқиш муҳимлигини қайд этди.
Марказий Осиёдаги минтақавий ҳамкорликнинг долзарб жиҳатлари ҳам кўриб чиқилди.
Маълумот учун, Гурбангули Бердимуҳамедов 1957 йил 29 июнда Ашхобод вилоятида туғилган. “Арқадағ” унвонига эга Бердимуҳамедов 2006 йил 21 декабрдан 2022 йил 19 мартгача Туркманистон президенти бўлган. 2023 йил 21 январдан Туркманистон Халқ Маслахати раиси лавозимида ишлаб келмоқда.
LiveБарчаси