Мирзиёев ЖСТ бош директори билан учрашди
Жамият
−
13 Ноябрь
2757Баку шаҳрида ўтаётган иқлим бўйича СОР29 конференцияси доирасида Ўзбекистон Миллий павильонида Президент Шавкат Мирзиёев Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) бош директори Нгози Оконжо-Ивеала билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, учрашувда Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши масалаларида амалий ҳамкорликни мустаҳкамлашнинг долзарб жиҳатлари кўриб чиқилган.
"Ишчи гуруҳ йиғилишларини ўтказиш, шунингдек, ушбу халқаро ташкилотга аъзо мамлакатлар билан олиб борилаётган музокаралар суръати мамнуният билан қайд этилди", дейилади хабарда.
Билдирилишича, Ўзбекистонда миллий қонунчиликни ЖСТ меъёрлари ва қоидаларига уйғунлаштириш, жумладан, экспорт субсидияларини бекор қилиш бўйича ишлар фаол олиб борилмоқда. Халқаро савдони тартибга солиш масалаларида ўзбекистонлик мутахассислар малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратилган.
Шунингдек, музокараларни якунлаш ва яқин йилларда Ўзбекистоннинг ташкилотга аъзо бўлиши бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш юзасидан фикр алмашилди.
Шуни алоҳида қайд этиш ўринлики, Ўзбекистон 30 йилдан буён Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш учун ҳаракат қилаётган давлат сифатида дунёда рекорд қозонмоқда. Биринчи Президент Ислом Каримов даврида ташланган илк қадамлар 2016 йилгача бўлган даврда бир неча бор фалаж ҳолатга келиб қолган. Президент Мирзиёев даврида эса Ўзбекистон яна ЖСТ томон ҳаракатни бошлади ва ҳаммаси кўнгилдагидек кетса, мамлакат 2026 йилда йилда ушбу ташкилотга аъзо бўлиш истагида.
Охирги вақтларда Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш бўйича истакларига Президентнинг тўнғич қизи Саида Мирзиёева бошчилик қилаётгани кўзга ташланади. Мирзиёева шу йилнинг ўзида икки марта ЖСТ Бош директори Нгози Оконжо-Ивеала билан учрашиб, мулоқот қилган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафтада Ўзбекистон АҚШ билан Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш бўйича икки томонлама музокараларни якунлаганди. Ҳозирда томонлар бозорга кириш тўғрисидаги баённомани имзолашга тайёргарлик кўрмоқда. Бу орқали АҚШ Ўзбекистон билан Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш бўйича икки томонлама музокараларни якунлаган 21-давлат бўлади.