Мирзиёев 2024 йил учун Давлат бюджетини тасдиқлади
Жамият
−
26 Декабрь 2023
17580Шавкат Мирзиёев 25 декабрь куни "2024 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида"ги қонунни имзолади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.
Ҳужжатга кўра, ижтимоий жиҳатдан аҳамиятга молик миллий ва давлат дастурларига ажратиладиган грант маблағларининг белгиланган миқдорлари Қонунга ўзгартиш киритилмасдан кўпайтирилади.
Ўзбекистон бюджет тизими бюджетларининг 6 ойлик ижроси якунлари бўйича даромадлари прогнози бажарилмаган ва жорий молия йилининг охирига қадар уларнинг келиб тушиши учун етарли асослар мавжуд бўлмаган ҳолларда:
- республика бюджети умумий харажатларининг 3 ва ундан ортиқ фоизи миқдоридаги харажатларни қисқартириш Олий Мажлис палаталари томонидан;
- 3 фоиздан кам миқдордаги харажатларни қисқартириш Вазирлар Маҳкамаси қарори асосида амалга оширилади.
Ўзбекистон номидан чиқариладиган давлат қимматли қоғозларининг чекланган соф ҳажми 25 трлн сўм миқдорида белгиланди.
2024 йил учун Ўзбекистон консолидациялашган бюджети тақчиллигининг чекланган миқдори ялпи ички маҳсулотнинг 4 фоизи миқдорида белгиланди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Сенат 2024 йил учун Давлат бюджетини маъқуллаганди.