Сенат 2024 йил учун Давлат бюджетини маъқуллади
Жамият
−
20 Декабрь 2023
11898Бугун Олий Мажлис Сенатининг 48-ялпи мажлисида “2024 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди. Бу ҳақда Сенат ахборот хизмати хабар берди.
Унга кўра, муҳокамаларда 2024 йилда мамлакат иқтисодиётида ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суратлари 5,6-5,8 фоиз миқдорида бўлиши кутилаётганлиги қайд этилди.
Қонунда 2024 йилда консолидациялашган бюджет даромадлари 375,0 трлн сўм миқдорида, харажатлари эса 427,6 трлн сўм миқдорида режалаштирилган ҳолда консолидациялашган бюджет 52,6 трлн сўм ёки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 4 фоиз миқдоридаги тақчиллик билан шакллантирилди.
Таъкидланганидек, Давлат бюджети даромадлари 270,4 трлн сўмни, харажатлари эса Давлат мақсадли жамғармаларига трансфертларни инобатга олган ҳолда 312,9 трлн сўмни ташкил этди.
Бунда солиқ сиёсатининг асосий йўналишлари белгилаб берилган бўлиб, унга кўра асосий солиқ ставкалари ўзгаришсиз қолдирилган.
Давлат мақсадли жамғармалари даромадлари ва харажатлари (бюджетлараро трансфертлар ҳисобга олинмаган ҳолда) тегишинча 55,2 трлн сўм ва 85,8 трлн сўм миқдорида режалаштирилмоқда.
Кейинги йилда ҳам бюджет харажатларининг ижтимоий йўналтирилганлиги сақлаб қолиниб, таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя, фан, маданият ва спортни ривожлантириш, муҳтож аҳолини уй-жой билан таъминлаш ва бошқа ижтимоий тадбирлар учун жами Давлат бюджети харажатларининг қарийб 50 фоизи ёки 151,5 трлн сўм йўналтирилади.
Қонунда асосан "Ўзбекистон – 2030" стратегияси ва барқарор ривожланиш миллий мақсадларида назарда тутилган устувор йўналишлар ва вазифаларга эришиш инобатга олинган.
Муҳокамалар жараёнида сенаторлар бюджет даромадларини оширишга алоҳида эътибор қаратди. Яширин иқтисодий фаолиятни қисқартириш, бюджет маблағларидан самарали ва мақсадли фойдаланиш, ажратилган маблағлар натижадорлигини таъминлаш юзасидан ўз фикрларини билдирдилар.
Қайд этилганидек, маҳаллий ва импортга белгиланган акциз солиғи ставкаларини тенглаштириш мақсадида алкогол ва тамаки маҳсулотлари импорти учун ставка 5 фоизга пасайтирилиб, ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси цемент ишлаб чиқаришга мўлжалланган оҳактошнинг 1 тоннаси учун 2 бараварга пасайтирилмоқда.
Шунингдек, сенаторлар Қонунда бюджет даромадлар базасини кенгайтириш, солиқ сиёсатини белгилашда cоғлом турмуш тарзини яхшилаш ва табиатни асрашни рағбатлантиришга эътибор қаратилганлигига алоҳида тўхталдилар.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь