Миралиевлар иши: суд залининг ўзида кичик Миралиев қамоқдан озод этилиши мумкин эди...
Жамият
−
09 Март 2020
20863Ғофур Раҳимов рафиқаси Лола Раҳимова ва ака-ука Миралиевлар иши жамоатчиликнинг диққат марказида бўлиб келмоқда.
Ушбу суд иши доирасида Ойбек Миралиев жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а” банди билан айбланиб, унга нисбатан “қамоққа олиш” эҳтиёт чораси қўлланилган ҳолда қидирув эълон қилинган. Элдор Миралиевга нисбатан эса Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “а” банди ва 168-моддаси 4-қисми “а” банди, 166-моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Бугун, 9 март куни Сирғали туман жиноят судида ушбу ишнинг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда тергов органлари томонидан жабрланувчи ва гувоҳ деб топилган шахслар кўрсатма берди.
Даставвал, жабрланувчи Р.Ғ. ўзининг даъвосини келтирди. Даъво бўйича “Саноатқурилишиндустрия” жамиятига қарашли бино юзасидан экан. Жабрланувчи Ойбек Миралиевга алоқадор ушбу бинони сотиб олмоқчи бўлгани, А. Х. исмли таниши билан бу ҳақда гаплашганини айтди. А.Х. бинони олиш учун ўртага тушгани, у орқали Ойбек Миралиевга 200 минг АҚШ доллари берганини таъкидлади. Маълум бўлишича, бино нархи 2 миллион 800 минг долларга келишилган ва 200 минг АҚШ доллари “закалат” берилган. Р.Ғ. келишилган вақтда қолган пулни бера олмагани сабабли келишув бузилган, шунинг учун бинони А.Х.нинг ўзи сотиб олганини айтди. Бироқ, 200 минг доллар эса ҳали-хануз қайтарилмаганидан шикоят қилди.
Юқоридаги жабрланувчининг кўрсатмасидан сўнг, суд залига А.Х.нинг ўзи чақирилди. У бизнес ҳамкори Р.Ғ. пулни вақтида тўлай олмагани сабаб бинони сотиб олгани, 200 минг АҚШ доллари эвазига квартиралар кўрсатганини айтиб ўтди.
Ойбек Миралиевга ҳам сўз берилганида, у Р.Ғ. билан ҳеч қандай келишув қилмагани, бу ишда фақатгина А.Х.ни танишини айтиб, шундай деди:
“Мен бу кўрсатмаларни тўлиқ инкор қиламан. Бу одамга А.Х. пулни бериши керак эди. Мен бинони бераман, у менга пулни бериши керак эди. Бинони ким сотиб оляпти – униси билан қизиқмаганман. Менга инвестор олиб келишини айтган.
Сиз (Р.Ғ. – таҳр.) судни алдаманг. Мен сиз билан кўришмаганман. Мана А.Х. ҳам ўтирибди шу ерда. Менга пулни у берган. Олди-бердимиз ҳам у билан бўлган. Бинони охир-оқибат ўзи сотиб олди. Мен ҳатто, сизни бизнес ҳамкор эканингизни билмаганман. Менга “битта инвестор сотиб олмоқчи” деган бошида”, дейди Ойбек Миралиев суд залида.
Шундан сўнг, айбланувчиларнинг адвокатлари Элдор Миралиевга нисбатан эҳтиёт чорасини ўзгартириш бўйича илтимоснома киритди.
“Ҳурматли суд, Элдор Миралиевга қўйилган айбловлардан 166-модда (талончилик) бўйича жабрланувчининг кўрсатмасини эшитдик. А.Ш. (жабрланувчи) ҳатто Элдорни танимаслигини айтди. 168-модда (фирибгарлик) бўйича Ш.А. даъво қилаётган пул суммаси аллақачон депозитда турибди. Лола Раҳимованинг даъвосидаги Mercedes-Maybach автомашинаси давлат томонидан тақиқда турибди. Шу сабабли, Элдор Миралиевга нисбатан қўлланилган қамоқ эҳтиёт чорасини ўзгартиришингизни сўрайман”, дейди ҳимоячи.
“Бу инсонийлик нуқтаи-назардан ҳам тўғри иш бўлар эди. Ахир, бир оиладан икки нафар инсон қамоқда турибди-ку”, дейди яна бир адвокат.
Бошқа бир ҳимоячи Элдор Миралиевни мантиққа зид равишда қамоқда ушлаб туриш давлат бюджетига ҳам зиён эканини айтди.
Суд ушбу илтимоснома бўйича маслаҳатга кирди ва тегишли ажрим чиқарди. Суд Элдор Миралиев ўта оғир жиноятни содир этишда гумонланаётгани, далилларни очишда тўсқинлик қилиш эҳтимоли, гувоҳлар ҳали тўлиқ сўроқ қилинмагани сабабли адвокатлар берган илтимосномани рад этди. Яъни, Элдор Миралиев суд жараёни вақтида қамоқда сақланиши давом этишини белгилади.
Суд жорий йилнинг 12 март кунига қадар танаффус эълон қилди.
LiveБарчаси