Лола Раҳимова ва Миралиевлар иши: судда Ойбек Миралиев ҳам қатнашмоқда
Жамият
−
04 Март 2020
18368Бир неча хафтадан бери давом этаётган Элдор Миралиев билан Лола Раҳимова ва бошқа жабрланувчилар ишида тарафлар кўрсатма берган эди. Жиноят ишлари бўйича Сирғали туман судининг ажрими билан ака-ука Ойбек ва Элдор Миралиевлар иши бирлаштирилган эди.
Ака-ука Миралиевлар иши бўйича навбатдаги суд мажлиси жорий йилнинг 27 февраль куни ўтказилди ва унда жабрланувчилар кўрсатмалари бошидан тингланди. Жабрланувчи ва гувоҳлар кўрсатма беришидан олдин уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунтирилди. Шунингдек, агар ёлғон кўрсатма берилса, Жиноят кодексининг 238 ва 240-моддалари билан жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантирилди.
Суд мажлисида ака-ука Миралиевлардан айбига иқрорлик масаласида савол берилди. Ойбек Миралиев ва Элдор Миралиев ҳам айб қилмаганини, қонун доирасида ишлаганини таъкидлашди.
Жабрланувчи А.Ш. кўрсатма берди. Айблов хулосасига кўра ушбу шахс, Миралиевларнинг қурбони бўлган. Унинг автомобилини ака-ука Миралиевлар тортиб олган дея Элдор Миралиевга нисбатан ЖКнинг 166-моддаси (талончилик) айби қўйилган.
А.Ш. эса судда ака-ука Миралиевлардан шикояти йўқ экани ва уларни танимаслигини маълум қилди.
“Буларга қандай шикоятим бўлади? Ахир, уларни танимайман-ку. Автомобиль дўконим бор. Россияда Калашников деган бизнес ҳамкорим билан “иномарка” автомобиллар олиб келиб сотамиз. Менга Жаҳонгир деган одам машина буюртма қилди. Унда ҳам машинани ўзимнинг номимга ҳужжатлаштиришга келишдик. Машина менинг номимда бўлгани учун бемалол юравердим.
Прокуратурага чақиришганда, бир гувоҳ сифатида кўрсатма берсам керак деб ўйлагандим. Иккинчи марта чақиришганда мени жабрланувчи деб белгилашганини билиб қолдим. Мен жабрланувчи эмаслигимни айтганман. Машинани олганман, ўзимда турган бўлса, нега даъво қиламан? Менинг даъвоим йўқ”, дейди А.Ш.
Шундан сўнг, яна бир жабрланувчи Ш.А. суд мажлисида кўрсатма берди. У ўзининг даъвоси 195 минг АҚШ доллари бўйича экани ҳақида гапирди. Ш.А. Р.И. орқали Миралиевларга 300 минг АҚШ долларини бергани, ҳар 45 кунда 15 минг АҚШ долларидан пул олиб туришга келишганини даъво қилмоқда. Унинг кўрсатмаларини Ойбек ва Элдор Миралиевлар тасдиқламади.
“Жаслиқ”нинг собиқ маҳбуси яна судга келди?
Кейинги суд мажлиси кеча, 2 март куни ўтказилди. Ўтган сафарги суд мажлисида жабрланувчи Лола Раҳимованинг номидан “Жаслиқ” колониясининг собиқ маҳбуси кўрсатма бергани, бироқ судда раислик қилувчи унинг кўрсатмаси жабрланувчи сифатида инобатга олинмаслигини айтгани ҳақида хабар берган эдик. Ўша кунги суд мажлисига Лола Раҳимова келган, бироқ кўрсатма беришга улгурмаган эди.
2 март куни ўтган суд мажлисида яна Лола Раҳимова иштирок этмади, аммо ўтган сафар Раҳимованинг номидан кўрсатма беришга уринган “Жаслиқ”нинг собиқ маҳбуси Қ.Ғ. ҳам судда ҳозир бўлди. У бу сафар қайта тингланди. Қ.Ғ. ўзининг Виржиния оролидаги оффшор зонасидаги компаниянинг Ўзбекистондаги филиали таъсисчиси эканини айтди.
Адвокатлар ва айбланувчилар Қ.Ғ.га “Жаслиқ” колониясида жазо муддатини ўтаётган даврида фирмаларни қандай назорат қилгани билан боғлиқ саволлар беришди. Собиқ маҳбус ўзининг умрбод озодликдан маҳрум қилинганлар бўлимида бўлгани, ташқи дунёдан бутунлай узилгани, фақат хафтада бир марта хат ёзиш ҳуқуқи берилганини маълум қилди.
Мажлис сўнгида Лола Раҳимованинг ҳайдовчиси ҳам гувоҳ сифатида таклиф қилинди. Судга бу шахснинг таклиф этилгани боиси, низолашилаётган машинани айнан шу инсон бошқарган. Маълум вақт ўтиб, Элдор Миралиев ва Жаҳонгир исмли шахс машинани ундан олиб кетишган.
Мазкур гувоҳнинг суддаги кўрсатмасига кўра, Mercedes-Maybach’ни “ГАИ”га олиб кетаётган вақтида Элдор Миралиев ва Жаҳонгир исмли йигит келиб, машина уларга тегишли эканини айтиб, тасдиқловчи хужжатларни кўрсатишган. Ҳайдовчи машинани хужжатдаги эгалари олиб кетган, шу сабабли қаршилик кўрсатмаган.
Раислик қилувчи бошқа шахсларни ҳам кўрсатмалари тингланиши сабабли суд мажлисини 5 март, пайшанба кунига қадар қолдирди.
Иш: Ойбек Миралиевга нисбатан жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а” банди билан айбланиб, унга нисбатан “қамоққа олиш” эҳтиёт чораси қўлланилган ҳолда қидирув эълон қилинган. 2019 йил 23 сентябрь куни у ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилот ходимлари томонидан ушланган.
Элдор Миралиевга нисбатан эса Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “а” банди ва 168-моддаси 4-қисми “а” банди, 166-моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Маълум бўлишича, Э.Миралиев фирибгарлик асосида 2 миллиард 331 миллион 125 минг сўм (500 минг АҚШ доллари) ва талончилик йўли билан 1 миллиард 195 миллион 3 минг 600 сўм (140 минг АҚШ доллари) миқдорида маблағларни ўзлаштирганликда айбланмоқда. Бош прокурор ўринбосари томонидан ушбу ҳолат айблов хулосаси асосида судга тақдим этилган.
LiveБарчаси