“Алмаштириб бўлмайдиган одамлар йўқ”. Тошхўжаев “Салимбойвачча” ва “Ғофурбой” ҳақида гапирди
Спорт
−
14 Декабрь 2023
27413Жорий йилнинг 12-декабрь куни Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасида бўлиб ўтган матбуот анжуманида ИИББ бошлиғининг биринчи ўринбосари Дониёр Тошхўжаев Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси (МОҚ) раиси ўринбосари, Спорт курашлари ассоциацияси раиси, Ўзбекистон яхшигина спорт ҳомийси сифатида танилган Салим Абдувалиевнинг қўлга олинганига муносабат билдирди.
“Спортни молиялаштириш билан боғлиқ ишлар нима бўлиши ҳақида бир нарса деёлмайман. Бир нарсани айтишим мумкин, бизнинг Президент билан бу ишлар муаммо бўлмайди. Оддий қилиб айтганда топилмас, алмаштириб бўлмайдиган одамлар йўқ. Шу учун молиялаштирадиганлар топилади”, дейди ИИББ бошлиғининг биринчи ўринбосари.
Тошхўжаевга кўра, Абдувалиевнинг уйида тинтув ўтказилган. Абдувалиев уйида ноқонуний қурол сақлаши ҳақидаги маълумотлар анчадан буён ўрганилиб келинган.
“Салим Абдувалиев уйида ноқонуний равишда қурол сақлаганини билгандан кейин унинг уйида тинтув ўтказдик. Агар бу маълумот бизга келиб тушмаганида бормаган бўлар эдик. Бу маълумот ҳам ойлаб, йиллаб ўрганилган”, дейди Тошхўжаев.
Шунингдек, ИИББ бошлиғининг биринчи ўринбосари Ўзбекистон Профессионал бокс федерацияси вице-президенти Ғофур Раҳимовнинг қидирувга берилгани ҳақидаги хабарларга ҳам изоҳ берди.
“Бугунги кунда Ғофур Раҳимов ҳақида ҳеч қандай мурожаат келиб тушмаган ва у билан боғлиқ ҳеч қандай тергов ҳаракатлари олиб борилмаяпти. Агар Раҳимов билан боғлиқ қандайдир маълумот бўлса мурожаат қилишингиз мумкин”, дея қўшимча қилди Дониёр Тошхўжаев