Қасамёдга шахсий хиёнатми ёки тизимнинг муаммоси?
Таҳлил
−
10:10 2712 10 дақиқа
Сўнгги кунларда "ишдан бўшатилди" жумласини кўп ўқиганингиз, эшитганингиз аниқ. Лавозимидан озод қилинганлар орасида катта лавозим эгалари борлиги, айниқса "Тошкент хафсизлиги ишониб топширилганлар"нинг айримлари жиддий танқидга учрагани бу каби хабарларнинг оммалашувига хизмат қилди. 27 январь куни Ички ишлар бош бошқармаси ҳузуридаги Қўриқлаш бошқармасида ўтказилган видеоселектор йиғилишида Президент Шавкат Мирзиёев пойтахтдаги ҳуқуқ-тартибот ва назорат органлари фаолиятини кескин танқид қилди. Кўпларга чиқиш эшиги кўрсатилди. Аммо бу ҳақида кейинроқ. Ҳозир биз яқин йилларда формасини ечишга мажбур бўлган собиқ ходимлар ҳақида гаплашамиз.
Ҳар қандай давлатнинг барқарорлиги одатда армияси, иқтисодиёти ва ташқи сиёсат салоҳияти билан ўлчанади. Бироқ, ушбу устунларни бир-бирига боғлаб, жамият билан ҳокимият ўртасида ишонч занжирини яратиб турувчи энг нозик ва ҳал қилувчи тизимлардан бири — ички ишлар органларидир. Улар қонун устуворлигини таъминлайди, жамоат хавфсизлигини сақлайди ва энг муҳими — давлат номидан фуқаро билан юзма-юз ишлайди. Шу боис бу тизимдаги ҳар қандай носоғлом ҳолат фақат идоравий муаммо эмас, балки жамият ишончига урулган зарба дейиш мумкин.
Бежизга халқ орасида “Онангни қози урса, дардингни кимга айтасан?”, деган оғриқли ибора пайдо бўлмаган. Агар адолатни таъминлаши лозим бўлган тизимнинг ўз ичида адолат емирилиб борса, фуқаролар “биз суянадиган таянч қаерда?”, деган саволлар ичида қолиши исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат.
Сўнгги ўн йил ичида Ўзбекистон жамоатчилиги ички ишлар тизимида фаолият олиб борган бир қатор юқори лавозимли мулозимлар атрофидаги жиноят ишлари, можаролар, терговлар, ҳибслар ва кескин муҳокамаларга гувоҳ бўлди. Айримлари суд ҳукми билан жазоланди, айримлари эса айбловлар, хизматдан четлатишлар ва жамоатчилик шубҳалари марказида қолди. Бу жараёнлар алоҳида шахслар муаммосими ёки тизимли касаллик аломати? Асосий савол ҳам мана шу.
Адҳам Аҳмадбоев, Пўлат Шамшетов, Дониёр Тошхўжаев, Аҳроржон Адҳамов, Бекмурод Абдуллаев, Рустам Турсунов… бу каби исмлар турли даврларда ички ишлар тизимида муҳим лавозимлар эгаси сифтида кўрсатилган. Бугун бу фамилиялар бир хил маънода эмас, лекин бир хил савол билан тилга олинади – ваколат ва масъулият ўртасидаги чизиқ қаерда босиб ўтилди?
Бахтиқаро вазир
Батафсил маълумот беришни 2013 йил 13 декабрдан 2017 йил 4 январгача Ички ишлар вазири лавозимида ишлаган Адҳам Аҳмадбоевдан бошласак. Аҳмадбоев номи ички ишлар тизимида алоҳида бир даврни эслатади. У замонавий Ўзбекистон тарихида Президент тарафидан хиёнатда айбланган ягона Ички ишлар вазири. Ўзбекистоннинг учинчи ва қамоққа олинган биринчи ички ишлар вазири Адҳам Аҳмадбоев 1964 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Ички ишлар идораларидаги фаолиятини 1984 йилда Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани милициясида участка нозири лавозимидан бошлаган. Вазирликка 2013 йилнинг декабридан 2017 йилнинг январигача раҳбарлик қилган. Кейин президентнинг ҳуқуқ-тартибот органлари бўйича маслаҳатчиси лавозимига ўтказилади.
Собиқ вазир 2018 йил 9 февралда қамоққа олинган. Унинг кейинги тақдири жамоатчиликка номаълум.
Терговдаги қотилликлар
2020 йилда Қашқадарёнинг Чироқчи туманида 5 нафар ходимга жиноят иши қўзғатилган эди. Улар ўша йилнинг 23 январида чорва молларини ўғирлашда гумон қилиниб қўлга олинган фуқарога нисбатан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш, қасддан баданга оғир шикаст етказиш каби жиноятларни содир этганликда айбланган. Собиқ ходимлардан 4 нафари 5 йилу 6 ойдан 9 йилгача қамоққа ҳукм қилинганди. Судланувчиларнинг 1 нафарига эса 2 йил ички ишлар идораларида ҳамда бошқа мансабдорлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 4 йил озодликдан чеклаш жазоси тайинланган.
Айнан шу 2020 йилда Андижонда ҳам қийноқлар сабаб ўлим ҳолати кузатилган. Андижон шаҳридаги 4-сонли ички ишлар бўлимига олиб келинган фуқаро ноқонуний ушлаб турилгани, унга нисбатан қийноқлар ишлатилгани эркак вафот этганидан кейин очилган тергов жараёнида исботланган. Бир нечта ходим томонидан амалга оширилган қийноқ, уриш ва руҳий босим оқибатида 11 июнь куни фуқаро вафот этган. Унинг ўлимига сабабчи бўлган 3 нафар ходим қамоққа олинган, 5 та катта лавозимдаги шахс ишдан бўшатилган ва 19 киши жазоланганди.
Нукусдаги исёнлар соясида…
2022 йил 1-2 июль кунлари Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳрида содир бўлган оммавий тартибсизликлар мамлакатнинг энг оғриқли саҳифаларидан бирига айланди. Расмий маълумотларга кўра, ўша кунлари 21 киши ҳалок бўлди, 205 нафар фуқаро турли даражада жароҳат олди, 516 киши ҳибсга олинди. Ҳибсга олинганлар орасида Қорақалпоғистон ички ишлар вазирлиги Жиноят қидирув бошқармаси бўлимининг собиқ бошлиғи Пўлат Шамшетов ҳам бор эди. Унинг исми Нукус воқеалари билан бирга тилга олиниб, қисқа вақт ичида энг баҳсли фигурага айланди.
Суд Шамшетовни Жиноят кодексининг 244-моддаси 3-қисми билан айбли деб топди. У “одамларни оммавий тартибсизликларга жалб қилган ва уларнинг фаол иштирокчиси бўлган”ликда айбланди. Унга 6 йил озодликдан маҳрум этиш жазоси, шунингдек, 3 йил давомида мансабдорлик лавозимларида ва ички ишлар тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Энг оғир нуқта эса кейинроқ юз берди. 2023 йил 4 февраль куни Шамшетов жазони ўтаётган пайтда, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаментига қарашли 4-сонли тергов ҳибсхонасида тўсатдан вафот этди.
Расмий баёнотларда ҳодиса жойи Бухоро вилояти прокурори раҳбарлигидаги тезкор-тергов гуруҳи томонидан кўздан кечирилгани, суд-тиббий экспертлар, ички ишлар раҳбарияти, холислар, Омбудсманнинг ҳудудий вакили, адвокат ва марҳумнинг яқинлари иштирок этгани таъкидланди.
Бир томонда давлат хавфсизлиги ва конституциявий тузум, бошқа томонда эса мансаб, масъулият ва жавобгарлик турибди. Пўлат Шамшетовнинг ҳаёти ва ўлими шу икки чизиқ кесишган нуқтада қолиб кетди.
Маҳкумни ўлдирган 12 ходим
2023 йилнинг июнь ойида Андижонда маҳкумни калтаклаб ўлдирган 12 нафар ИИО ходими ҳам жазоланган эди. Суд ҳукми бўйича ҳолатни қисман эслатамиз. 2022 йил 19 март куни Андижон вилоятининг Шаҳрихон туманида яшовчи 32 ёшли Санжарбек Мамажонов суд томонидан ахлоқ тузатиш ишлари жазоси озодликдан маҳрум қилиш билан алмаштирилиши муносабати билан ИИБ тергов ҳибсхонасига олиб кетилган. Тергов ҳибсхонасида у 12 нафар ходим томонидан қийноққа солинган ва қаттиқ калтакланган.
Бунинг оқибатида ҳаёти учун хавфли жароҳатлар олган маҳбусга тиббий ёрдам кўрсатиш ўрнига, у тергов ҳибсхонасининг 32-камерасига жойлаштирилди. Оғриқдан азият чекаётган эркак бошқа бир маҳбус Жасурбек Усмонов томонидан ҳам калтакланган. Ушбу воқеадан тахминан уч ярим соат ўтгач, Мамажоновнинг биологик ўлими қайд этилган.
Судда 12 ходимнинг айби рад этиб бўлмайдиган далиллар ва гувоҳларнинг кўрсатмалари билан тасдиқланган. Суд ҳукмига кўра, Ички ишлар департаменти 3-сонли тергов ҳибсхонаси бошлиғининг ёрдамчиси, ҳибсхона тартибини сақлаш бўлими катта инспектори, корпус бошлиғи, Тартибни таъминлаш бўлими катта назоратчиси, Қонун ва тартибни сақлаш бўлими катта назоратчиси ва Ҳуқуқни муҳофаза қилиш бўлими катта назоратчиси, умумий ҳисобда 6 та ходим 4 йилдан озодликдан маҳрум қилиш жазосини олган. Ўлимга қисман алоқадор деб топилган яна 6 нафар ходим 3 йилга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинган.
Ўхшамаган суиқасд ортидан қулаш…
2025 йилнинг 26 октябрь куни соат 01:40 ларда Range Rover русумли автомашина Қибрай тумани, Ифор кўчаси бўйлаб ҳаракатланган вақтида 2 нафар номаълум шахслар мазкур автомашинага ўқотар қуролдан бир неча маротаба ўқ узиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг АҚШдаги вакили Комил Алламжоновга суиқасд уюштиришга уринган ва номаълум томонга яширинган. Ушбу ҳолатда бирор-бир шахс тан жароҳати олмаган.
Мазкур ҳолат юзасидан Бош прокуратура томонидан Жиноят кодексининг 25, 97 (Қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш) ҳамда 248 (Ўқотар қуролнинг, ўқ-дориларнинг, ўқотар қурол асосий қисмларининг, портловчи моддаларнинг, портлатиш воситаларининг ёки портлатиш қурилмаларининг қонунга хилоф муомаласи) моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, Бош прокуратура, Тошкент вилояти, Тошкент шаҳар, Ҳарбий, Транспорт прокуратуралари ҳамда ИИВ, вилоят, Тошкент шаҳар ИИББ, Божхона қўмитаси ходимларидан иборат таркибда тергов-тезкор гуруҳи тузилган.
Президент Администрацияси мулозими даражасидаги одамга суиқасд Ўзбекистоннинг яқин 25-30 йиллик тарихида кўзга кўринмаган, қулоқ эшитмаган ҳолат бўлди. Бу иш кўпчиликда хавотир ҳам уйғотди. 2019 йилдан бери Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати раиси сифатида ишлаб келаётган, генерал-лейтенант Абдусалом Азизов, ИИВ Тезкор қидирув департаменти Жиноят қидирув хизмати бошлиғи, полковник Аҳроржон Атхамов, Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғининг биринчи ўринбосари, полковник Дониёр Бахтиёрович Тошхўжаев, Тошкент шаҳар ИИББ Тезкор қидирув хизмати Жиноят қидирув бошқармаси Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўлими бошлиғи, подполковник Темур Акрамович Собиров, Давлат хавфсизлик хизматининг Ички хавфсизлик бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган, полковник Алижон Ғаниевич Ашуров, Ўзбекистон Бош вазирининг ёрдамчиси – Бош вазир қабулхонасининг мудири вазифасида ишлаб келаётган Сарвар Ғаниевич Ашуровларнинг лавозимидан озод қилиниши айнан администрация мулозими Комил Алламжоновга нисбатан уюштирилган суиқасд ва бу ишнинг тергови фонида содир бўлди.
2025 йилнинг 12 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судида мамлакатдаги энг шов-шувли воқеалардан бири – Комил Алламжоновга уюштирилган суиқасдга оид жиноят иши доирасида 10 нафар шахс, хусусан, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғининг собиқ биринчи ўринбосари, полковник Дониёр Бахтиёрович Тошхўжаев 7 йилга озодликдан маҳрум қилинди. У ишдан кетганидан бир ҳафта ўтиб, декабрь ойи бошида қўлга олинган эди.
Дониёр Тошхўжаев 2023 йилнинг август ойидан эътиборан ИИББ бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритиб келаётган эди.
2022 йил февраль ойида Тошкент вилояти ИИБ Тергов бошқармаси бошлиғи ўринбосари этиб тайинланган. Унгача эса 2020 йил январидан Фарғона вилояти ИИБга раҳбарлик қилган.
Дониёр Тошхўжаев 2019-2020 йилларда Ички ишлар вазири ўринбосари – ИИВ Тергов бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган. Бунгача у Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғининг ўринбосари – Кадрлар бошқармаси бошлиғи, аввалроқ – ИИББ бошлиғи ўринбосари – Тергов бошқармаси бошлиғи лавозимларида ишлаган.
Мазкур иш доирасида ИИВнинг яна икки мансабдори — ИИВ Тезкор қидирув департаменти Жиноят қидирув хизмати бошлиғи Аҳроржон Адҳамов ҳамда Тошкент шаҳар ИИББ Тезкор қидирув хизмати Жиноят қидирув бошқармаси Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўлими бошлиғи Тимур Собиров ҳам ишдан олинди.
Мана энди яқин кунларнинг шов-шувли хабарларига етиб келдик. 2026 йилнинг 27 январь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ҳузуридаги Қўриқлаш бошқармасида ўтказилган видеоселектор йиғилишида Ички ишлар вазирлиги тизимида давлат харидларида 186 миллиард сўм бюджет маблағи ўзлаштирилгани аниқланиб, вазир ўринбосари Бекмурод Абдуллаев ва департамент бошлиғи Рустам Турсуновга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани маълум бўлди. Унда умуман, давлат идоралари ва корхоналарида хавфсизлик учун масъуллар фаолиятини ҳам танқидий қайта кўриб чиқиш вақти келгани қайд этилган.
“Бизга юқори касбий компетенцияларга эга, талабчан ёш раҳбарлар корпуси керак”, деган Президент.
Қолаверса, қисқа муддатда бюджетга тушум, талон-торож, молиявий камчиликлар бўйича 53 триллион сўм ва ташқи савдо операцияларида 8 миллиард доллардан ортиқ қарздорлик аниқлангани ўта аянчли ҳолат экани қайд этилган. Коррупциявий схемалар бўйича 4,2 триллион сўм зарар аниқланиб, 1,3 триллион сўми ундирилган ва 55 нафар шахс қамоққа олинган.
Бу ерда гап фақат шахсий бойлик ёки мансабга талпиниш ҳақида эмас. Бу ўзини қонундан устун қўйиш, давлат ваколатини шахсий устуворлик деб қабул қилиш, “мен бўлмасам тизим ишламайди” деган хато ва хавфли иллюзия ҳақида. Аслида эса бундай иллюзия тизимни эмас, аввало жамиятнинг давлатга бўлган ишончини емириб боради.
Ички ишлар тизимига кириб келаётган ёш офицерларнинг аксарияти хизматни пок ният билан бошлайди: адолатни тиклаш, жиноятчиликка қарши курашиш, одамлар тинчлигини таъминлаш. Аммо, вақт ўтиши, лавозимлар ўсиши билан бирга масъулиятдан кўра имтиёз устун кела бошласа, оёқлар ҳам ердан узилади. Муаммо шундаки, осмонлашган орзулар эгаси баъзан ердаги одамларни кўрмай қўяди.
Шунинг учун тизимни ислоҳ қилиш фақат айрим шахсларни жазолаш билан чекланмаслиги керак. Асосий вазифа — ваколат ва жавобгарлик ўртасидаги мувозанатни тиклаш, хизмат маданиятини ўзгартириш ва “мансаб” эмас, “ишонч”ни асосий қадриятга айлантиришдир. Чунки тизим қонун билан эмас, унга ишонган одамлар билан мустаҳкам туради.
Live
Барчаси