Ғофурбойнинг рафиқаси ва Миралиевлар иши. Судга Лола Раҳимованинг ўзи келди
Жамият
−
24 Февраль 2020
229542020 йил бошида бошланган ва жамоатчилик орасида шов-шувга сабаб бўлган Ўзбекистонда паррандачилик бизнеси билан шуғулланувчи Ойбек Миралиев ва унга қарши Ғофур Раҳимовнинг рафиқаси Лола Раҳимова ўртасида очилган жиноят иши судда кўрилаётгани ҳақида маълум қилган эдик.
Ойбек Миралиев 2019 йил 21 сентябрда Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а” банди билан айбланиб, унга нисбатан “қамоққа олиш” эҳтиёт чораси қўлланилган ҳолда қидирув эълон қилинган. 2019 йил 23 сентябрь куни у ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилот ходимлари томонидан ушланган.
Миралиевларнинг кенжаси Элдор Миралиев ишида ҳам Лола Раҳимова жабрланувчи сифатида қатнашмоқда. Элдор Миралиевга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “а” банди ва 168-моддаси 4-қисми “а” банди, 166-моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган. QALAMPIR.UZ ушбу суд ишида қатнашиб, суд мажлисларини ёритиб келмоқда.
Бугун, 24 февраль куни суд ишида Ғофур Раҳимовнинг рафиқаси Лола Раҳимова шахсан ўзи қатнашди. Суд мажлисида раислик қилувчи судья Лола Раҳимова ва унинг адвокатига сўз берди. Жабрланувчининг ҳимоячиси суддан Лола Раҳимованинг асослари бевосита Ойбек Миралиев билан боғлиқ экани ва ака-ука Миралиевлар иши бирлаштирилиши лозимлигини сўради. Ҳимоячи бу масалада илтимоснома киритди.
Адвокатнинг ушбу илтимосномасини Раҳимованинг ўзи ҳам қувватлади. Раислик қилувчи судья тарафлардан ушбу масала юзасидан фикр сўради. Тарафлар ва адвокатларда ҳеч қандай эътирозлар билдирилмади. Шу муносабат билан суд икки Миралиев (Ойбек ва Элдор Миралиев) ишини бирлаштириш ҳақида ажрим чиқарди.
Суд мажлиси тугаганидан сўнг, Лола Раҳимовадан QALAMPIR.UZ учун интервью беришини сўрадик.
“Суд жараёни ҳали давом этмоқда. Айни вақтда жиноий иш бўйича фикр билдирсак, айбсизлик презумпциясига зид бўлади”, дея таъкидлади Лола Раҳимова.
Эслатиб ўтамиз, ўтган суд мажлисида Лола Раҳимова ўрнига собиқ Жаслиқ маҳбуси Қ.Ғ. қатнашиб, кўрсатма беришни сўраган эди. Бироқ Қ.Ғ. иш юзасидан фақат гувоҳ сифатида кўрсатма бериши мумкин эканини таъкидлаган эди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь