Ғофур Раҳимовнинг рафиқасини 200 минг долларга чув туширган Миралиев судда жавоб беряпти
Жамият
−
16 Январь 2020
68736Яқинда Ўзбекистонда паррандачилик бизнесининг асосий иштирокчиси сифатида кўриладиган Ойбек Миралиев ҳибсга олингани ҳақида хабарлар тарқалганди. Унда О.Миралиевга нисбатан очилган жиноят ишида тадбиркор Ғофур Раҳимовнинг турмуш ўртоғи Лола Раҳимова даъвогар сифатида қатнашмоқда дейилганди.
QALAMPIR.UZ манбасига кўра, 2019 йил 19 декабрь куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Яшнобод туман суди ёпиқ суд мажлисида Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а” банди билан айбланаётган О.Миралиевни қамоқда сақлаш муддатини 5 ойга узайтириш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосарининг илтимосномаси кўриб чиқилган.
Дастлабки тергов органи томонидан аниқланган ҳолатларга кўра О.Миралиев бир гуруҳ шахслар билан жиноий тил бириктирган. Таниши Г.Ш.нинг мол-мулкини қўлга киритишни мақсад қилиб, унинг ишончига кирган. Г.Ш.нинг номидаги уйни сотиб беришни айтиб, 2013 йилда ўзининг таниши Ж.Ю.нинг номига ишончнома қилдирган. Кейинчалик мазкур уйни онасининг номига расмийлаштириб олган. 2017 йилда уйни 590 минг АҚШ долларига сотиб, уйнинг асл эгаси Г.Ш.га пулларни бермай, жиноий шериклари билан уни тақсимлаган ва шахсий эҳтиёжларига ишлатиб юборган.
Шунингдек, О.Миралиев шериклари билан жиноий ҳаракатларини давом эттириб, назорат қилинмайдиган даромад олиш мақсадида Р.Гафаровни ишончига кириб, Лола Раҳимовага тегишли “Sanoat qurilish industriya” МЧЖга қарашли уйни 2,8 миллион АҚШ долларига сотиб олиб беришни ваъда берган. 2018 йил апрель ойида бошланғич тўлов сифатида дастлаб 100 минг АҚШ доллари, 2018 йил май ойида яна 100 минг АҚШ доллари олган. 2018 йилнинг июнь ойида гуёки уй учун тўлов ўз вақтида амалга оширилмаганлигини важ қилиб, уйни фуқаро Ш.Н.га сотилганлиги ҳақида ҳужжатларни расмийлаштирган. 2018 йилнинг октябрь ойида “Sanoat qurilish industriya” МЧЖ директори номидан ушбу бинони “Apex Dolores Network” директори Б.Б.га 16 миллиард сўмга сотган. Жиноий фаолияти давомида қўлга киритган 200 минг АҚШ долларини шериклари билан тақсимлаб, шахсий эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган.
2019 йил 21 сентябрда О.Миралиев жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а” банди билан айбланиб, унга нисбатан “қамоққа олиш” эҳтиёт чораси қўлланилган ҳолда қидирув эълон қилинган. 2019 йил 23 сентябрь куни у ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилот ходимлари томонидан ушланган.
Бош прокурор ўринбосари О.Миралиевни қамоқда сақлаш муддати 2019 йилнинг 23 декабрь куни тугаши ва мазкур муддатда дастлабки терговни тамомлашнинг имконияти йўқлиги ҳамда эҳтиёт чорасини ўзгартириш учун асослар мавжуд эмаслиги сабабли, уни қамоқда сақлаб туриш муддатини узайтириш ҳақида илтимоснома киритган.
Суд Бош прокурор ўринбосарининг илтимосномасини қўллаб-қувватлаган прокурор маърузасини, айбланувчи ва ҳимоячиларнинг фикрларини эшитиб, айбланувчига нисбатан бўлган мазкур жиноят иши катта ҳажмдалиги, иштирокчилар сони кўплиги, гувоҳларни сўроқ қилиш ва бошқа бир қатор тергов ҳаракатларини ўтказиш зарурати мавжудлиги сабабли, тергов ҳаракатларини ушбу муддатда якунлаш имконияти йўқлигини инобатга олиб, илтимосномани қаноатлантирган. Айбланувчини қамоқда сақлаш муддатини 5 ойга, яъни 2020 йилнинг 23 февралга қадар узайтиришни лозим деб топган.
P.S.: Жиноят процессуал кодексининг 19-моддаси 10-бандига кўра, суд ҳукмлари, ажримлари ва қарорлари барча ҳолларда ошкора эълон қилинади.
LiveБарчаси