Миралиевлар ишида гувоҳ судга ҳурматсизлик қилди ва жазосини олди. Прокурор унинг тарафини олганди

Жамият

image

Жамоатчилик орасида кўплаб шов-шувларга сабаб бўлаётган ака-ука Миралиевлар билан боғлиқ жиноят иши янада қизғин паллага кирди. Таъкидлаш жоизки, суд мажлислари тарафлар ўртасида тортишувлар, муҳокамаларга бой ўтмоқда. Жабрланувчи ва айбланувчилар ўзларининг ҳимоячилари ёрдами билан фаол тарзда позицияларини билдириб келишмоқда. 

12 март куни, мазкур жиноят иши доирасида Жиноят ишлари бўйича Сирғали туман суди биносида навбатдаги суд мажлиси ўтказилди. Судда жабрланувчи ва гувоҳларга сўз берилди. Бу сафарги суд мажлиси давомида камдан-кам учрайдиган ҳолат кузатилди. Гувоҳлардан бири судга ҳурматсизлик кўрсатгани учун суд залида йиғилганлар томонидан эътирозлар учради ва у жазосиз қолмади. 

Жабрланувчилардан бири сифатида бу суд мажлисига Лола Раҳимованинг синглиси Г.К. таклиф этилди. Унинг айтишича, Ойбек Миралиев Г.К.га 2013 йилда сотилган уйи сабаб, 550 минг АҚШ доллари миқдорида қарздор экан. 

“Ойбек Миралиев бизнинг оиламизнинг тўлиқ ишончига кирган. Мен Дубайга кетишим олдидан, 2013 йили уйимни сотишга қарор қилдим. Аввалига 700 минг АҚШ долларига сотмоқчи эдим. Бироқ, уйни сотиб олишга харидор чиқавермади. Ойбек билан маслаҳатлашиб, бу уйни 650 минг АҚШ долларига сотишга қарор қилдик. Ойбек Миралиевга ишончнома тарзида уйимни сотишини, ҳужжатлаштириш ишлари каби ишлардан мени халос қилишини айтдим. У менга жами 100 минг АҚШ доллари берди. Қолган пулни сўраганимда, 550 минг АҚШ долларини соя бизнесига киритишимни тавсия қилди. Пулни сўрайверганимдан охирги марта телефон орқали гаплашганда жанжаллашиб кетдик ва қайтиб гаплашмадик”, дейди жабрланувчи.

Жабрланувчи Г.К.нинг кўрсатмаларидан сўнг, унинг ўғли И.Ж. ҳам кўрган ва эшитганларини айтиб берди. Олий юридик малакага эга бу гувоҳ Москвада ўқиган вақти Ойбек ва Элдор Миралиевлар билан танишганини айтди. 

Суд мажлиси сўнгида гувоҳ А.А. одобсиз ҳаракатлар содир этди ва қонуний жазо олди. Ўзини “Ўзбекинвест”нинг собиқ ходими дея таништирган А.А. 2012-2016 йилларда Қ.Ғ.нинг фирмаларига ишончнома асосида фаолият юритганини айтмоқда. А.А.нинг вазифаси – Қ.Ғ. “Жаслиқ” колониясида бўлган вақтида мулкни сақлаб туриш бўлган.

Гувоҳ А.А. суд мажлисида адвокатлар саволларига жавоб берар экан, очиқчасига беодоблик қилди ва судга ҳурматсизлик кўрсатди. Биринчи сафар бу ҳолатга эътибор берилмади. Суд мажлисларида тортишувлар кўп бора содир этилгани боис биринчи ҳолатга кўз юмилди. Аммо, иккинчи марта адвокат аёлга нисбатан этика қоидаларига зид муомалада бўлгани унга қимматга тушди. Суд залининг ўзида адвокат раислик қилувчига “гувоҳнинг хатти-ҳаракатларига нисбатан чора кўрилиши”ни сўраб илтимоснома киритди. Бу ҳолатга адвокатлардан бири “судга нисбатан қандай муомалада бўлиш кераклигини тушунтирмасак, эртага бундай ҳолатлар кўпаяверади. Шу сабабли гувоҳнинг хатти-ҳаракатлари юзасидан маъмурий жавобгарлик масаласини кўриш керак. Зеро, бу бошқа процесс иштирокчиларига ҳам сабоқ бўлади”, деб ўз муносабатини билдирди. Бу фикрни аксарият адвокатлар ҳам маъқуллашди. Прокурорга фикр билдириш учун сўз берилди. Қонун ҳимоячиси саналмиш прокурор бу ҳолатда маъмурий жавобгарликка асос бўлувчи ҳолат юзага келмаганини айтди. 

Суд илтимоснома бўйича маслаҳатга кирди ва ўзининг ажримини қабул қилди. 

Суд, гувоҳ А.А.ни “суд мажлиси пайтида тартибни бузишда ўз ифодасини топган судга ҳурматсизлик қилиш” билан ҳуқуқбузарлик содир этган деб топди. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 180-моддасига биноан, гувоҳ А.А.га базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида жарима солинди (2020 йил 1 февралдан базавий ҳисоблаш миқдори – 238 610 сўм).

Маълумот ўрнида, 180-моддада (Судга ҳурматсизлик қилиш) – “Гувоҳ,  жабрланувчи, даъвогар, жавобгар, ишда қатнашувчи бошқа шахсларнинг судга келишдан қасддан бўйин товлашида ёки мазкур шахсларнинг ва бошқа фуқароларнинг раислик қилувчи фармойишига бўйсунмаслигида ёхуд суд мажлиси пайтида тартибни бузишда ўз ифодасини топган судга ҳурматсизлик”, дея келтирилган. 

Мазкур ҳуқуқбузарлик базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Иш: 
Судда жабрланувчи сифатида Ғофур Раҳимовнинг рафиқаси Лола Раҳимова ҳам қатнашаётгани ҳақида маълум қилинган
Ойбек Миралиев жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а” банди билан айбланиб, унга нисбатан “қамоққа олиш” эҳтиёт чораси қўлланилган ҳолда қидирув эълон қилинган. 2019 йил 23 сентябрь куни у ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан ушланган.

Элдор Миралиевга нисбатан эса Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “а” банди ва 168-моддаси 4-қисми “а” банди, 166-моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган. 

Суд мажлисида Раҳимова ўрнига “Жаслиқ”нинг собиқ маҳбуси ҳам кўрсатма берди. У гувоҳ сифатида эмас, жабрланувчи сифатида сўз берилишини сўради

Жабрланувчининг иши бевосита Ойбек Миралиевга тааллуқли экани боис, икки ака-ука Ойбек ва Элдор Миралиевлар иши бирлаштирилган эди.  Шу сабабли, суд мажлисига Лола Раҳимова келиб ўз кўрсатмаларини берди. Ғофур Раҳимовнинг рафиқаси ўзида икки фуқаролик: Россия ва Ўзбекистон фуқаролиги мавжуд эканини маълум қилди.     
                  
 


Мақола муаллифи

Теглар

Миралиевлар иши

Баҳолаганлар

384

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг