Миралиевлар иши: судда Ғофурбойнинг рафиқаси бир эмас, икки мамлакат фуқароси эканини айтди
Таҳлил
−
07 Март 2020
23449Хабарингиз бор, QALAMPIR.UZ’да AIBA’нинг собиқ президенти Ғофур Раҳимовнинг рафиқаси Лола Раҳимова ва ака-ука Миралиевлар ўртасидаги суд иши мунтазам ёритиб келинмоқда.
Бундан олдинги суд мажлисида жабрланувчи сифатида Лола Раҳимова ҳам суд мажлисида иштирок этган эди. Бироқ, бу жабрланувчининг иши бевосита Ойбек Миралиевга тааллуқли экани боис, икки ака-ука Ойбек ва Элдор Миралиевлар иши бирлиштирилган эди. Шу сабабли, Лола Раҳимованинг кўрсатмаларини эшитиш кейинга қолдирилган эди.
Жорий йилнинг 5 март куни жиноят ишлари бўйича Сирғали туман судида бошқа жабрланувчилар қатори Лола Раҳимова ҳам кўрсатма берди.
“2013 йилда менга нисбатан Миллий хавфсизлик хизмати тергов бўлими томонидан жиноий иш қўзғатилган. Шу сабабли, менга халқаро миқёсда қидирув эълон қилинди. 2019 йил 5 январь куни менга нисбатан жиноят аломатлари йўқлиги боис жиноий иш тугатилиб, қидирув бекор қилинди. Мен қидирувда бўлган вақтимда Россия федерациясига кира олмаганим туфайли Ойбек Миралиевдан менинг номимдан Россияда иш юритишини сўрадим. Унинг укаси Сардор Миралиев менинг номимдан Ўзбекистонда иш юритиши учун ишончнома бердим. Ойбек Миралиев ишончнома билан Россияда кредит олди. Чунки у менинг ишончимга кирган инсон эди”, дейди Лола Раҳимова.
Ғофур Раҳимовнинг рафиқаси шунингдек Ойбек Миралиев Россиядан олган кредити асосида 4 та автомобиль олгани, низо айнан охирги автомобиль сабаб чиққанини айтди. Раҳимова Ойбек Миралиев устидан Россия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига ҳам арз қилганини, у Россия фуқароси ҳам эканини таъкидлади.
Адвокат: “Раҳимова айтингчи сиз Ўзбекистон фуқаросимисиз?
Раҳимова: Россия фуқароси
Адвокат: Сизда икки фуқаролик борми? Нечанчи йилдан бери Россия фуқаросисиз?
Раҳимова: Иккита фуқаролик. СССР парчаланган даврдан бери.
Адвокат: Сиз Россия фуқаролигини олганингизда Ўзбекистон фуқаролигидан кечганмисиз?
Раҳимова: Йўқ.
Адвокатлар Раҳимовадан 2 миллион доллар беришни кўзда тутган кредит шартномасини кўрган ёки кўрмагани, шартномада пул нималарга сарфланиши лозим экани ҳақида сўрашди. Жабрланувчи шартноманинг ичидаги мазмунини билмаслиги, бу масалада тўла Ойбек Миралиевга ишонганини айтади.
Адвокатлар Раҳимовадан Россиядан олинган кредитлар ёпилгани ва бундан Раҳимованинг хабари бор ё йўқлигини сўрашди. Лола Раҳимова кредитларнинг бир қисмини Ойбек Миралиев, қолганини ўзи ёпганини таъкидламоқда. Раҳимова Миралиевдан автомобиль “Мercedes maybach” учун 200 минг АҚШ доллари талаб қилаётганини айтади. Шунингдек, Ойбек Миралиев битта кўчмас мулкни сотиб, унга пулини бермаганини ва 2 миллион 800 минг АҚШ доллари талаб қилишини айтди.
Жабрланувчи Лола Раҳимованинг кўрсатмаларидаги даъво қилаётган масалаларни Ойбек Миралиев ва Элдор Миралиевлар тўлиқ инкор этишди.
Суд мажлисида яна бир жабрланувчи дея эътироф этилган А.Г. ҳам кўрсатма берди.
“Ойбек Миралиев менинг оғайним. У вақтида соя бизнеси билан шуғулланишни таклиф қилиб, мендан 950 минг АҚШ доллари олган. Пулларни менга у тўлиқлигича қайтарган. 2019 йил 25 октябрь ҳолатида мендан 550 минг АҚШ доллар қарзи борлиги туфайли арз қилганман. Лекин пуллар менга қайтарилди. Паррандачилик корхонаси банкрот ҳолатига келган. Пулларни эса банк кредит қарзларига йўналтирган. Шу сабабли пулларни бера олмаётганини айтган. Менга Навоийдаги парранда фабрикасини ҳам таклиф қилди. Менга тўғри келмагани учун таклифни рад қилдим. Шу орада у қамоққа олингани учун пулларни бера олмади. Терговчилар “ариза ёзиб қўявер, пулларингни бўлмаса олиб қўйишади” дегани учун ариза ёздим. Бўлмаса ёзмасдим”, дейди жабрланувчи.
А.Г. Ойбек Миралиев форс-мажор ҳолати туфайли қарзларини қайтара олмагани, ҳозирда Миралиевларга нисбатан даъвоси йўқлигини айтди.
“Мен шикоятим йўқлиги туфайли даъвойим йўқ деб ариза ёзиб келдим. Марҳамат, аризамни судга тақдим эта оламан”, дейди у.
Суд мажлиси сўнгида адвокатлардан бири Лола Раҳимова ва Миралиевлар масаласида аудиоёзувлар мавжудлиги ва уни судга тақдим этишини айтди.
“Ҳурматли раислик этувчи, ҳозирги биз берган саволлар бўйича ёзма кўринишини берганмиз. Биз аудиоёзувни асл нусхасини судга тақдим қиламиз. Сабаби биз Бош прокуратурада тазйиқларда бўлганимиз учун буни фақат судга тақдим қиламиз”, дейди айбланувчининг ҳимоячиси.
Суд, душанба, 9 март кунига қадар қолдирилди.
Иш: Ойбек Миралиев жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а” банди билан айбланиб, унга нисбатан “қамоққа олиш” эҳтиёт чораси қўлланилган ҳолда қидирув эълон қилинган. 2019 йил 23 сентябрь куни у ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан ушланган.
Элдор Миралиевга нисбатан эса Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “а” банди ва 168-моддаси 4-қисми “а” банди, 166-моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Маълум бўлишича, Элдор Миралиев фирибгарлик асосида 2 миллиард 331 миллион 125 минг сўм (500 минг АҚШ доллари) ва талончилик йўли билан 1 миллиард 195 миллион 3 минг 600 сўм (140 минг АҚШ доллари) миқдорида маблағларни ўзлаштирганликда айбланмоқда. Бош прокурор ўринбосари томонидан ушбу ҳолат айблов хулосаси асосида судга тақдим этилган.
LiveБарчаси