Ғофур Раҳимовнинг рафиқаси ва Миралиевлар иши: QALAMPIR.UZ судда қатнашди
Жамият
−
05 Февраль 2020
26408AIBA’нинг собиқ президенти Ғофур Раҳимовнинг рафиқаси тадбиркор Ойбек Миралиев томонидан чув тушгани бўйича суд иши олиб борилаётгани ҳақида хабар берган эдик. QALAMPIR.UZ’га мазкур иш доирасида Миралиевлар оиласининг яна бир вакили ҳам судда айбланувчи сифатида қатнашаётгани маълум бўлди. Очиқ суд мажлисида ушбу шахс барча айбловларни рад этмоқда.
Кеча, 4 февраль куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Сирғали туман суди томонидан айбланувчи Э.Миралиевга нисбатан 168-моддаси 3-қисми “а” банди ва 168-моддаси 4-қисми “а” банди, 166-моддаси 4-қисми “а” банди билан айбланиб суд иши кўриб чиқилмоқда.
Маълум бўлишича, Э.Миралиев фирибгарлик асосида 2 миллиард 331 миллион 125 минг сўм (500 минг АҚШ доллари) ва талончилик йўли билан 1 миллиард 195 миллион 3 минг 600 сўм (140 минг АҚШ доллари) миқдорида маблағларни ўзлаштирганликда айбланмоқда. Бош прокурор ўринбосари томонидан ушбу ҳолат айблов хулосаси асосида судга тақдим этилган.
Суд мажлиси аввалида раислик қилувчи судья томонидан тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунтирилди. Суд мажлиси бошида адвокатлар томонидан илтимосномалар судга тақдим этилди ва йиғилганларга ўқиб эшиттирилди.
Айбланувчининг ҳимоячиларидан бири бу иш терговда 2016 йилдан бери давом этаётгани, ҳаттоки адвокатлар устидан фуқаролик судларига берилган ҳолатлар ҳақида гапирди. Шу ўринда, бу узоқ йилдан буён давом этаётган бу жиноят иши судда видео ва аудиоёзув асосида олинишини илтимос қилди. Илтимоснома судья томонидан рад этилди.
Видео ёки фото тарзда ёзиб олиниши, ҳаттоки аудиоёзув тарзида ёзиб олиниши юзасидан QALAMPIR.UZ томонидан берилган сўров ҳам рад этилди. Рад этишга асослар кўрсатилмади.
Жабрланувчилардан сўз Ш.А.га берилди. Ушбу шахс Миралиевлар билан 300 минг АҚШ долларига бирга иш бошлагани, бу таклифни таниши Р.И. бергани ҳақида кўрсатма берди.
“Менга 300 минг АҚШ доллари берсанг, ҳар 45 кунда 15 минг долларча пул бериб туриши керак эди. Кейин озроқ вақт бундай пулни беришди, бироқ кейин пул тўхтади. 6 ойча пул берилмади. Ўртада турган одам, яъни танишим Р.И.га айтдим. Мен буларни кўрмаганман ҳам. Кейин келишди, кўришдик. Эвазига менга Москвадаги Range Rover машинаси, Mercedes-benz машинаси, Юнусободдаги квартира ва бир дала ҳовли беришларини айтишди. Гаров сифатида. Юнусободдаги уйни номимга расмийлаштирдим. Маълум вақт ўтиб, Range Rover ва Mercedes’ни қайтариб бердим.
Ўртада Сочидаги уйни ҳам кўрсатишди. 5 та ҳовли Ғофур Раҳимовнинг аёли Лола Раҳимовага тегишлилигини айтишди”, дейди жабрланувчи Ш.А.
Жабрланувчининг бу кўрсатмаси суд мажлисида кўплаб эътирозларга сабаб бўлди. Айбланувчи бу кўрсатмани тўлиқ инкор этди. Айбланувчининг ҳимоячилари эса нега тушунарсиз ҳолатда машиналарни қайтариб бергани, ўртада Р.И. шикоятим йўқ деб ариза ёзса ҳам нега Мирвалиевлардан шикоят қилаётгани ҳақида сўради.
Муҳокамалар охирига етмади. Бу жабрланувчи билан боғлиқ масалалар чуқур ўрганишлар талаб қилиши сабабли суд мажлиси 6 февраль кунига қолдирилди.
LiveБарчаси