Ғофур Раҳимов Тошкентда яшамоқда, қидирувдалиги рад этилди
3-саҳифа
−
07 Декабрь 2023
13703Маълумки, бир неча кундан буён Ўзбекистон бўйлаб жиноятчиликка қарши давом этаётган “Долзарб 40 кунлик” профилактика тадбирларида жиноят оламининг ўнлаб вакиллари қўлга олинмоқда. Ижтимоий тармоқлар ва одамлар орасида эса Ўзбекистон профессионал бокс федерацияси вице-президенти – Бутунжаҳон бокс кенгаши (WBC) олий кенгаши аъзоси Ғофур Раҳимов қидирувга берилгани ҳақида гаплар тарқалди.
Тармоқда айтилаётган гапларга қараганда, Раҳимов Ўзбекистонни тарк этган ва қидирилмоқда. QALAMPIR.UZ’нинг ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбаси эса буни рад этмоқда.
Айни вақтда эса ижтимоий тармоқларда шу кунларда Ғофур Раҳимов Тошкентда бўлиб тургани, оиласи билан эмин-эркин яшаётганини далилловчи видеолар тарқалмоқда.
Икки видеода Раҳимов Тошкентдаги “Олой” ва “Чорсу” бозорларида савдо қилаётгани акс этган бўлса, яна бир тасвирда у рафиқаси билан ресторанлардан бирида қаҳва ичаётганини кўриш мумкин.
Ғофур Раҳимов 72 ёшда. У Википедия маълумотларида жиноий гуруҳ бошлиғи сифатида қайд этилган.
2012 йилда АҚШ Федерал қидирув бюроси Раҳимовнинг бизнеси билан қизиқиб, ўзбекистонлик тадбиркорни собиқ СССР давлатларидан келган жиноятчиларни ўз ичига олган “Биродарлар доираси” жиноий гуруҳи етакчиларидан бири деб ҳисоблаган.
АҚШ Молия вазирлигининг расмий веб-сайтида Раҳимовнинг жиноят оламидаги иштирокига ишора берилган.
Эслатиб ўтамиз, бугунгача мамлакатда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раисининг ўринбосари, Спорт курашлари ассоциацияси раиси Салим Абдувалиев, “Саидазиз медгородок” номи билан танилган Саидазиз Саидагламович Саидалиев, “Бахти Ташкентский” лақаби билан танилган Бахтиёр Қудратуллаев, “Бузрук” номи билан танилган Бузрук Бузруков, Тошкентнинг “криминал авторитети” экани айтилган муқаддам судланган Аббосхон Хўжаев қўлга олинган.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15