Миннихонов яна Навоийга келди
Жамият
−
19 Декабрь
16339Россия Федерацияси таркибидаги Татаристон Республикаси раиси Рустам Миннихонов кеча, 18 декабрь куни Навоий вилоятига келди. Бу ҳақда Навоий вилояти ҳокимлиги хабар берди.
Татаристон раҳбарини Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов кутиб олди. У Миннихонов билан бирга Навоий Эркин иқтисодий зонасидаги Саноатни ривожлантириш комплексида бўлди. Миннихонов Татаристон билан ҳамкорликда бу ерда қад ростлаётган махсус саноат паркида амалга оширилаётган қурилиш ишлари билан яқиндан танишди. Унга саноат паркида ташкил этилаётган лойиҳалар тақдимоти қилинди.
Шунингдек, Татаристон раиси бошчилигидаги делегация билан икки ҳудуд ўртасидаги савдо иқтисодий ва инвестицион масалалар атрофлича муҳокама этилиб, истиқболли йўналишларда ҳамкорлик бўйича музокаралар олиб борилди.
Рустам Миннихоновнинг Навоий вилоятига ташрифи шу нуқтада якунига етди, у Навоий халқаро аэропортидан жўнаб кетди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг июль ойида ҳам Миннихонов Навоий вилоятига келганди. Ўшанда уни вилоят ҳокими Нормат Турсуновдан ташқари Ўзбекистон Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов, Инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари кутиб олганди.