Минглаб намойишчилар Нетаньяхуни АҚШга бормасликка чақирди

Олам

image

Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхунинг АҚШга кетишидан бир кун олдин Тель-Авивдаги Бен Гурион аэропортида минглаб кишилар намойишга чиқди. Бу ҳақда кеча, 21 июль куни Исроилнинг “Times of Israel” газетаси хабар берди.

Намойишчилар Бош вазирни ҲАМАС Ғазо секторида гаровга олинган исроилликларни озод қилиш бўйича келишувга эришилмагунча Вашингтонга учмасликка чақирди. Хабар қилинишича, намойишчилар орасида ўғирлаб кетилган исроилликларнинг қариндошлари ҳам бўлган.

Исроил Бош вазири бугун, 22 июль куни АҚШ пойтахтига бориши режалаштирилган. Шу куни Нетаньяху АҚШ Президенти Жо Байден билан учрашиши, шунингдек, Конгресс олдида нутқ сўзлаши кутилмоқда.

DPA хабарига кўра, Исроил гаровга олинганларни озод қилиш бўйича ҲАМАС билан билвосита музокараларнинг янги босқичи учун Қатарга делегация юборишга қарор қилган.  Делегация 25 июль куни Қатар пойтахти Доҳага жўнаб кетади ва унга Исроил разведка агентлиги “Моссад” директори Давид Барнеа бошчилик қилади. ОАВ хабарига кўра, Исроил Бош вазири ўзининг энг яқин маслаҳатчилари билан бир неча соатлик маслаҳатлашувлардан сўнг ушбу делегацияни юборишга қарор қилган.

DPA маълумотларига кўра, Барнеа ўтган ҳафта Қатарга учиши керак эди, аммо унинг сафари қолдирилди.

Шунингдек, АҚШ Марказий разведка бошқармаси раҳбари Уильям Бёрнс Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш ва гаровга олинганларни озод қилиш бўйича музокараларда иштирок этиш учун Доҳага бориши маълум қилинди.

Қатар ва АҚШ Миср билан бирга бу музокараларда воситачилик қилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Исроил Биньямин Нетаньяху

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг