Миллиардер Ермолаев суиқасдга Украина ҳарбий разведкаси ходимларини айблади

Олам

image

Украиналик миллиардер Вадим Ермолаев Монакода ўзига қарши уюштирилган портлаш ортида Украина Мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси (ГУР)нинг амалдаги ходимлари турганини маълум қилди. У, шунингдек, Украина Президенти Владимир Зеленскийга мазкур ишга шахсий эътибор қаратаётгани учун миннатдорлик билдирди. Бу ҳақда "The Insider" нашри хабар берди.

Франциянинг “Nice-Matin” газетасида чоп этилган, Ермолаев имзолаган мактуб унинг манфаатларини ҳимоя қилаётган Dynasty Law & Investment юридик фирмаси томонидан тақдим этилган. Нашр маълумотига кўра, ҳужжатнинг ҳақиқийлиги Монако ҳокимияти томонидан ҳам тасдиқланган.

“Тергов давомида тақдим этилган маълумотлар асосида суиқасдга Украина Мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармасининг амалдаги ходимлари бевосита алоқадор эканига ишонамиз. Мавжуд далиллар операция нафақат ижрочилар ва ташкилотчиларни, балки ГУР ходимларини ҳам қамраб олганини кўрсатмоқда. Уларнинг айримлари хизматнинг амалдаги ёки собиқ раҳбариятига яқин ҳисобланади”, дейилади мактубда.

Ермолаев Украина Президенти Владимир Зеленскийга “мазкур масалага шахсий эътибор қаратаётгани ва аллақачон кўрсатилган ёрдам учун” миннатдорлик билдирган.

“Бу баёнот Украина ёки украин халқига қарши қаратилмаган. Украина иттифоқчиларининг ишончига боғлиқ. Ҳеч бир муассаса, разведка хизмати ёки давлат амалдори қонундан устун бўлиши мумкин эмас. Мен ва адвокатларим ҳақиқатни аниқлашга ёрдам бериши мумкин бўлган барча маълумотларни тергов органларига тақдим этишда давом этамиз”, деган у.

Бизнесменнинг айтишича, портлаш оқибатида ўзи, турмуш ўртоғи Анна Несобина ва 13 ёшли ўғли оғир жароҳат олган.

“Ҳамроҳам Анна жуда оғир ва қайтариб бўлмайдиган жароҳатлар олди. Ўғлим оғир куйишлар, синишлар ва бошқа жароҳатлар олди. Мен реанимацияда даволанмоқдам ва эндигина узоқ давом этадиган ремиссия бошланди. Бу огоҳлантириш эмас, балки қасддан одам ўлдиришга уриниш эди”, деган Ермолаев.

Маълумот учун, 58 ёшли Вадим Ермолаев Днепр шаҳрида туғилган бўлиб, “Алеф” корпорацияси асосчиси ва шаҳарнинг йирик девелоперларидан бири ҳисобланади. “Forbes” маълумотига кўра, у 2021 йилда 220 миллион доллар бойлик билан мамлакатнинг энг бой 100 кишиси рейтингида 45-ўринни эгаллаган. Украина ОАВ маълумотларига кўра, Ермолаев 2019 йилда Украина фуқаролигидан воз кечиб, Кипр паспортини олган.

2023 йил декабрь ойида Украина Президенти Владимир Зеленский Ермолаев ва Қримда фаолият юритган “Алеф-Виналь-Қрим” компаниясига қарши санкциялар жорий этган эди. Украина ҳукумати маълумотига кўра, компания аннексия қилинган Қримда тадбиркорлик фаолиятини давом эттирган.

Эслатиб ўтамиз, 29 июнь куни Ермолаев оиласи билан Монакодаги уйига кираётганида портловчи қурилма ишга тушганди. Тергов маълумотларига кўра, бомбани Украина фуқароси Анастасия Березовская рюкзакда олиб келиб қолдирган, кейин эса Украинага қайтган ва орадан кўп ўтмай ўлдирилганди.

Украина Хавфсизлик хизмати (СБУ) маълум қилишича, Березовская Украинага қайтгач икки нафар эркак, жумладан ГУР’нинг амалдаги офицери билан мулоқот қилган. Улар Березовскаянинг криптовалюта ва банк ҳисобларига бир неча марта маблағ ўтказган, бу эса суиқасдни ташкил этишга алоқадорлик эҳтимолини кўрсатиши мумкин.

Тергов жараёнида қўлга олинган ГУР ходими Владислав Реут сўроқда собиқ СБУ ходими Виталий Жикович билан биргаликда Березовскаяни ўлдирганини тан олган. Унинг сўзларига кўра, ГУР раҳбарияти Березовская билан алоқаларидан хабардор бўлмаган ва у ўз ташаббуси билан ҳаракат қилган.

14 июль куни “Украинская правда” манбаларига таяниб, Украина тергови Реут ва Жиковични Монакодаги портлаш ташкилотчилари деб ҳисоблаётганини хабар қилган. Бироқ Украина Бош прокуратураси ҳозирча уларга фақат Березовскаяни ўлдириш бўйича расмий айблов эълон қилинганини билдирган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг