Монако тарихидаги илк теракт содир этилди. Украиналик олигарх оғир жароҳат олди (видео)
Олам
−
30 июн 5288 2 дақиқа
Кеча, 29 июнь куни Монакодаги тураржой биносида юз берган портлаш оқибатида уч киши жароҳатланди. Давлат вазири Кристоф Мирман содир бўлган воқеани князлик тарихидаги биринчи террорчилик ҳаракати деб атади. Бу ҳақда BFMTV хабар берди.
“Гап, эҳтимол, террорчилик ҳаракати ҳақида кетмоқда”, дейди Мирман.
Унинг сўзларига кўра, портловчи қурилма таркибида, тахминларга кўра, болтлар ва сочма ўқлар бўлган.
“Менинг билишимча, бу князлик тарихида бундай ҳаракат содир этилиши билан боғлиқ биринчи ҳолатдир”, дея қўшимча қилган Мирман.
Тергов маълумотларига кўра, портлаш оқибатида асли украиналик бўлган уч киши жароҳат олган. Улар 50 ва 60 ёш атрофидаги эркак ва аёл, шунингдек, 13 ёшли ўсмирдир. Уларнинг уччаласи ҳам бир оила аъзолари эканлиги ҳақида маълумотлар бор.

“Портлашнинг уч қурбонидан бири – 1968 йилда туғилган йирик украиналик олигарх Вадим Ермолаевдир”, дейди суриштирув ишларига яқин бўлган манба.
Унинг қўшимча қилишича, портлашнинг иккинчи жабрланувчиси олигархнинг турмуш ўртоғи бўлган. Маълум бўлишича, иккала катта ёшли инсоннинг ҳам аҳволи оғир деб баҳоланмоқда. Шу билан бирга, 13 ёшли боланинг аҳволи барқарор.
Украина нашрларининг ёзишича, Вадим Ермолаев энг бой 100 нафар украиналик рўйхатида 23-ўринни эгаллайди. 2019 йилда у Украина фуқаролигидан воз кечиб, Кипр фуқаролигини олган. Кейинчалик, 2023 йилда Украина Президенти Владимир Зеленский Ермолаевга нисбатан шахсий санкциялар жорий этган.
Live
Барчаси