Мигрантлар 9 ойда Ўзбекистонга қанча пул юборгани айтилди
Жамият
−
27 Декабрь 2025 12919 2 дақиқа
Жорий йилнинг 9 ойи давомида хорижда ишлаётган ўзбекистонликлар мамлакатга 5,7 млрд доллар пул юборган. Бу ҳақда Марказий банкнинг “Меҳнат бозори шарҳи”да келтирилган.
Унда келтирилишича, 2025 йилнинг учинчи чорагида меҳнат муҳожирлари томонидан Ўзбекистонга жами 5,7 млрд доллар миқдорида пул ўтказмалари амалга оширилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 18,5 фоизга ўсган (2024 йилнинг мос даврида 4,8 млрд). Жорий динамиканинг шаклланиши асосан меҳнат муҳожирларини қабул қилувчи мамлакатларда валюта курсларининг нисбатан барқарорлиги, иш ҳақининг ошиши ва иқтисодий фаолликнинг юқори суръатлари билан боғлиқ.
III чоракда Болтиқ давлатлари ва бошқа минтақалардан (АҚШ, Россия, Европа ва Осиё минтақаларини ҳисобга олмаганда) ўтказмалар ҳажми ўсиш суръати қолган минтақаларга нисбатан юқорироқ сақланиб қолган. Хусусан, мазкур минтақалардан пул ўтказмалари 40 фоизга ўсган.
Ташқи бозорда, хусусан Россия, Европа ва Болтиқ давлатларида кузатилаётган сўнгги тенденциялар ҳамда ишчи кучига бўлган талабнинг ўсиши пул ўтказмаларидаги жорий динамиканинг шаклланишида муҳим аҳамият касб этган. Бу, ўз навбатида, меҳнат муҳожирлари оқими йўналишлари босқичма-босқич кенгаяётганлигидан далолат беради.
Сўнгги йилларда миграция йўналишлари кенгайиши асосан Осиё, Европа ва АҚШ мамлакатларида кузатилмоқда. Хусусан, жорий йил 1 октябрь ҳолатига Корея Республикасидаги Ўзбекистонлик резидентлар сони йил бошига нисбатан 0,4 фоизга ўсиб, 95,3 мингтани ташкил этган. Туркияда кузатилаётган макроиқтисодий вазиятнинг босқичмабосқич барқарорлашуви шароитида ушбу давлатга миграция оқимининг юқори сақланиб қолиши кузатилмоқда. Буни Ўзбекистон фуқаролари учун ушбу давлатда берилаётган яшаш рухсатномалари сони ҳамда доимий бўлмаган мигрантлар оқимининг ошиб бораётганлигидан ҳам кўриш мумкин.
Live
Барчаси