Хорижда ишлаётган ўзбекистонликлар сони маълум бўлди

Жамият

image

Миграция агентлиги маълумотларига кўра, ҳозирги кунда 40 га яқин давлатда тахминан 1,4 млн нафар ўзбекистонлик меҳнат қилмоқда. Бу ҳақда Марказий банкнинг Жисмоний шахсларнинг валюта операциялари шарҳида келтирилган.

Шарҳда келтирилишича, жорий йилнинг январь-июнь ойларида чет элдан Ўзбекистонга келиб тушган пул ўтказмалари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 13 фоизга (1,1 млрд долл) кўпайиб, 9,3 млрд долларни ташкил қилган. Ҳисобот даврида жисмоний шахсларга келиб тушган маблағларнинг 4,3 млрд доллари (46,7 фоизи) анъанавий халқаро пул ўтказма тизимлари орқали (2025 йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш 0,3 фоиз), 4,8 млрд доллари (51,7 фоизи) хориждан жисмоний шахсларнинг банк карталарига тўғридан тўғри – P2P ўтказмалар орқали (ўсиш 32 фоиз) ҳамда 142 млн доллари (1,6 фоизи) банк ўтказмаси – SWIFT орқали (камайиш 43 фоиз) амалга оширилган.

Ўзбекистонликлар энг кўп ишлашга бораётган давлатлар:

  • Россия – 834,2 минг нафар;
  • Қозоғистон – 84,4 минг нафар;
  • Туркия – 72,1 минг нафар;
  • Жанубий Корея – 46,4 минг нафар;
  • Европа минтақаси давлатлари – 258 минг нафар;
  • бошқа давлатларда – 97,7 минг нафар ўзбекистонлик мигрант бор.

Шу билан бирга, хорижий давлатларда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган меҳнат мигрантларининг 398,9 минг нафари (28,6 фоиз) хотин-қизларни ва 402,1 минг нафари (28,9 фоиз) ёшларни ташкил этади. МДҲ давлатларининг улуши 29 фоизга камайиб, Европа минтақасида 42 фоизга, Шарқий Осиё минтақасида 26 фоизга ортган.

Миграция агентлигининг маълумотига кўра, бугунги кунда Ўзбекистоннинг ташкилий ташқи меҳнат миграцияси бўйича 23 та давлат билан 48 та, шундан, 2025-2026 йилларда 14 та давлат билан 18 та ҳукуматлараро ва идоралараро ҳамкорлик келишувлари тузилган, 36 та давлатнинг 325 дан ортиқ йирик иш берувчилари ва рекрутинг компаниялари билан ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Германия, Британия, Италия, Испания, Швеция, Франция, Болгария, Руминия, Словакия, Словения, Сербия, АҚШ ва Япония истиқболли ҳамкорлар сафидан ўрин олмоқда. Шундан, АҚШ, Италия, Швеция, Франция ва Словения давлатлари янги йўналиш сифатида қўшилган. Юқорида қайд этилган мамлакатлар билан ҳамкорлик доирасида ишчи кучини савдо ва хизмат кўрсатиш, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар, транспорт ва логистика, қишлоқ хўжалиги, саноат ва ишлаб чиқариш, қурилиш, пайвандлаш ва металлга ишлов бериш, ёғочни қайта ишлаш, нефть-газ ва кончилик соҳаларига жалб қилиш назарда тутилган. Жорий йилда 124,5 минг фуқаро хорижда юқори даромадли ишларга жойлаштирилган.

Халқаро меҳнат ташкилотининг халқаро мигрант ишчилар бўйича мавжуд энг сўнгги маълумотларига кўра, 2022 йилда бутун дунё бўйича 167,7 миллион мигрант меҳнат бозорида иштирок этгани, уларнинг 68,4 фоизи юқори даромадли мамлакатларда бандлигини қайд этилган. Мигрантларнинг 68,4 фоизи хизматлар, 24,3 фоизи саноат ва 7,4 фоизи қишлоқ хўжалигида ишлайди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россияга ишлашга кетаётган ўзбекистонликлар сони камайгани ҳақида хабар берилган эди. Шу билан бирга, жорий йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон фуқаролари Россияга ишлаш мақсадида энг кўп кирган мигрантлар бўлган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг