Россияга ишлашга кетаётган ўзбекистонликлар сони камайди
Жамият
−
14:47 529 2 дақиқа
Жорий йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон фуқаролари Россияга ишлаш мақсадида энг кўп кирган мигрантлар бўлди. Шу даврда Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон фуқаролари Россияга жами қарийб 1,9 миллион марта меҳнат фаолияти учун кирган. Бу ҳақда “Ведомости” хабар берди.
Маълумотларга кўра, жорий йилнинг биринчи ярмида ишлаш мақсадида Россияга энг кўп кирган хорижликлар орасида Ўзбекистон фуқаролари етакчилик қилган. Бунда ўзбекистонликлар томонидан 1,1 миллиондан ортиқ меҳнат кириши қайд этилган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 13 фоизга кам.
Мазкур кўрсаткич бўйича иккинчи ўринни Тожикистон фуқаролари эгаллаган. Улар томонидан 494,5 мингта иш мақсадидаги кириш амалга оширилган бўлиб, бу ўтган йилга қараганда 17,9 фоизга пасайган. Қирғизистон фуқаролари эса 289,1 минг марта Россияга ишлаш учун кириб, учинчи поғонадан жой олган.
Мутахассислар меҳнат мигрантлари оқимининг камайишини Россияда миграция тартиблари кучайтирилгани, ишлаш учун рухсатнома ва патент харажатлари ошгани, шунингдек, тиббий кўрик, яшаш жойи ва сафар билан боғлиқ харажатлар кўпайгани билан изоҳламоқда.
“Марказий Осиё давлатларида янги иш ўринлари яратилаётгани ҳам миграция йўналишларига таъсир қилмоқда. Меҳнат мигрантлари тобора кўпроқ Россиядан ташқари Жанубий Корея, Хитой, Яқин Шарқ мамлакатлари ва Европа Иттифоқи давлатлари каби муқобил йўналишларни ҳам танламоқда”, дейди Россия Молия университети профессори Александр Сафонов.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида қонунчиликни бузгани учун Россиядан 43 минг 700 нафар мигрант чиқариб юборилган эди.
Live
Барчаси