Камбағалликни тан олишдан миллий юксалиш моделигача ёхуд мустақиллик қандай нишонланди?

Review

Reklama
0:00

Мустақиллик муборак бўлсин! Мендан куни кеча бир журналист мустақиллик сиз учун нима деб савол бериб қолди. Одам бир нарсани йўқотмагунча қадрига етмайди, унинг борлиги энг катта неъматлигини сезмайди, инсонмиз, бу фитратимиз бор. Мени ҳам сиздан фарқим йўқ, очиғи бу саволга бир дунё жавоб қайтаришим мумкин эди. Лекин, ҳамон ўйланяпман, мустақиллик нима? Ҳайрон қолдирадиган жавобни айтолмасам-да, бир нарсани аниқ биламан. Уни англашим, қадрлашим учун йўқотишим шарт эмас. Дунёдаги тўпалонларни кўряпман. Оч болаларнинг нолалари қулоғим остида. Миллиолаб одамлар хорликда яшаяпти. Фундаментал ҳуқуқларидан фойдалана олмаётганлар, яшашдан безор қилинаётганларнинг аҳволи ўртада. Хўш, мен Мустақилликни қадрлашим учун қон кечишим шартми? Бу саволни сизга ҳам бераман, азиз томошабин. Изоҳларда ёзинг, сиз учун Мустақиллик нима?

Ҳеч кимни қоралаш, ўтган кунларимиз устидан мағзава ағдариш ниятим йўқ, лекин мени узоқ йиллар давомида қийнаб келган нарсани айтмасам бўлмас. Биз ўз тарихини нафақат унуттирилган, ўзимизга қўйиб берилганда ҳам унутган халқ бўлиб қолгандик. Эсламадик, ор қилдик, қўрқдик. Жадидларнинг бармоқ билан санарли номларини билардик, холос. Хонликларимиз, амирларни сотқинликда айблаб, номларини фақат мактаб дарсларига киритдик, холос. Туркистон мухторияти ғояларидан қўрқдик, туркийлик тушунчасини Советлар онгимизга сингдириб кетган “пантуркизм” сафсатаси билан эгизак қилдик. Шароф Рашидовни эслашни – ҳокимиятни бўлишишдек хавф дея кўрдик. Қолганларини хоинга чиқардик, хуллас тарихимиздан ор қилдик. Ёлғонми? 90 йилгача бўлганларни қўйинг, 90 йилдан кейин улғайган авлоднинг ўз тарихи борасидаги илми яримта бўлиб қолди.

Мустақиллик байрамининг 35 йиллиги тантаналарини кўрдингизми? Ғурурландим. Бунгача ҳам жадидларимиз номлари тилга олиниб, қатағон йилларида судланганлар оқланаётгани, давлат раҳбари даражасидаги йирик тадбирда жадидлар ҳаракати кўкка кўтарилаётгани илинж бераётганди. Аммо бу йилги тадбир Янги Ўзбекистоннинг ўз тарихига тик қараш борасидаги қатъиятининг энг юқори нуқтаси бўлди, менимча.

Кўрдингизми, унда ҳеч нарса унутилмади. Ўрхун-Энасой ёзувлари бўлсин ёки Авесто, Беруний, Хоразмий, Фаробийлар ёд этилди. Ўзбекнинг асл насли ҳақида куйланди. Ҳа, Мустақилликка 35 йил тўлди, аммо давлатчиликка эмас. Давлатчилигимиз тарихи узун ва виқорли. Қадимги Хоразм, Бақтрия, Кушон, Қанғ давлати, Довон, Уструшона давлатчилиги, Сомонийлар, Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар давлати, Темурийлар салтанати, Бобурийлар давлати, Шайбонийлар давлати, Хива хонлиги, Қўқон хонлиги, Бухоро Амирлиги, Туркистон мухторияти эсланди. Уларнинг байроқлари намойиш этилди. Дунёда Хитойдан то Европага, Россиядан то Ҳиндистону Суриягача узанган ўзбек давлатчилиги ҳақида биринчи марта бундай катта майдонда, расмий тадбирда маълумот берилди. Бу ғурур эмасми?

Туркистоннинг босиб олиниши, совет иттифоқидаги босқинчилик, зуғумлар алоҳида эсланди. Ватан озодлиги учун жон берган шаҳидлар, қони тўкилган жадидлар номидан сўз олинди. Ўзбекнинг пахта даласида хор бўлгани, сибирга сургун қилингани, динидан, илмидан, ўзлигидан, тарихидан айрилгани ва бунга сабабчи бўлганлар, пахта сиёсати туфайли қуриган Орол мавзусида санъаткорларнинг чиқишларида маҳорат билан ёритилди.

1959–1983 йилларда мамлакатни бошқарган ва кўплаб ислоҳотлар, қурилишларга бошчилик қилган Шароф Рашидовнинг меҳнатлари муносиб хотирланди. Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигини эълон қилган ва 25 йил давомида мамлакатни бошқарган Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо келтирилди. Хуллас, ҳеч ким ва ҳеч нарса қолиб кетмади. Кимнингки меҳнати бўлса, ҳаммаси қадрланди, тарих шунчаки унутилмади, унуттирилмади, аксинча, ҳаммага нисбатан миннатдорлик, бу кунларга шукрона бор эди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг ўзи ҳам нутқида ўтган 35 йил давомида мустақилликни мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшган барча марҳумларнинг фидокорона меҳнати ва жасоратини яна бир бор эътироф этиб, Ислом Каримов номини алоҳида тилга олди.

“Мана шу тарихий санада ўтган 35 йил давомида мустақиллигимизни мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшган барча марҳум юртдошларимизнинг фидокорона меҳнати ва жасоратини яна бир бор эътироф этишни жоиз, деб биламиз. Биринчи Президентимиз, атоқли давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг ёрқин хотирасини эҳтиром билан ёд этамиз”, деди Шавкaт Мирзиёев

Президент нутқи ҳамма нарсани қамраб олганди. Мустақиллик бизга нима берди, деган саволга эса мен каби мустақилликкача бўлган даврни кўрмаганлар Шавкат Мирзиёев айтган биргина мисол орқали ўзига жавоб топиши мумкин. Давлат раҳбарининг урғулашича, Мустақиллик бизга муқаддас динимиз, она тилимиз ва унутилган миллий қадриятларимизни қайтариб берди.

Президент мустақилликнинг буюк аҳамияти, аввало, инсон қадри ва эркин ҳаётида намоён бўлишини айтди. Ислоҳотларнинг биринчи кунларидан халқнинг қалбига қулоқ солиш ва аҳолининг дардига дармон бўлиш асосий мақсад бўлгани айтилди. Ўтган даврга сиёсий баҳо бериб ўтилди.

“Инсон қадри учун” ғояси давлат сиёсатининг марказига олиб чиқилди.  Биринчи галда “пахта қуллиги”, мажбурий ва болалар меҳнати, конвертация чеклови ҳамда “прописка” каби одамларни йиллар давомида қийнаб келган муаммоларга барҳам берилди. Энг асосийси, фуқароларимиз юрагидаги қўрқув ва ҳадик ўрнини ишонч ва хотиржамлик эгаллади. Ҳар бир инсон эркин ва фаровон яшайдиган жамият барпо этиш учун кейинги ўн йилда тинимсиз изландик, қаттиқ меҳнат қилдик”, деди Президент.

Ўзбекистон дунёга кенг очилгани, чегара муаммолари ҳал қилиниб, қўшнилар билан дўстлик ва ҳамкорлик мустаҳкамлангани, валюта, солиқ, божхона ва инвестиция сиёсатида туб ўзгаришлар амалга оширилгани урғуланди.

“Уч йил олдин 2030 йилда ялпи ички маҳсулот ҳажмини 160 миллиард долларга етказиш режа қилинган эди. Глобал логистикадаги узилишлар ва дунёдаги нотинч вазиятга қарамасдан,  ушбу марра жорий йилнинг ўзида ортиғи билан бажарилиб, Ўзбекистон даромади ўртачадан юқори давлатлар қаторига кирди. Бундай юксак натижаларга халқимизнинг фидокорона меҳнати, интеллектуал салоҳияти ҳамда миллат ва давлат бирдамлиги туфайли эришяпмиз. Ижобий ўзгаришларни ҳар бир инсон, ҳар бир оила ўз ҳаётида чуқур ҳис этяпти”, деди Шавкaт Мирзиёев.

Сўнгги ўн йилликда Ўзбекистон камбағалликни тан олди. Мигрантларидан ор қилмади, уларни ташқарига улоқтирмади, эгасиз қолдирмади. Эҳтиёжманд оилаларнинг даромади, касби, саломатлиги, фарзандларининг таълим олиши ва яшаш шароити хусусида бош қотириладиган бўлди.
“Изчил саъй-ҳаракатлар туфайли камбағаллик даражаси 2017 йилдаги 35 фоиздан 4 фоизга туширилди. Ушбу рақамлар замирида рўзғорига барака кириб, турмуш сифати яхшиланган 10 миллион инсоннинг қувончи ва шукроналик туйғулари мужассам” деди Президент.

Давлат раҳбари кейинги босқичдаги режаларга ҳам тўхталиб, келгуси 10 йиллик миллий юксалиш даври бўлишини айтди. Унга кўра, иқтисодиёт юқори технология ва меҳнат унумдорлиги моделига ўтади, келгуси ўн йилда 450 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилинади.

“Иқтисодиётда юқори ўсиш суръати сақланган ҳолда,  2030 йилгача ялпи ички маҳсулот ҳажми 300 миллиард долларга етказилади. Саноатда 2 миллионта юқори даромадли иш ўрни яратилади”, деди давлат раҳбари.

Шунингдек, Президент суд мустақиллиги кучайтирилиши, қонун устуворлиги умумий қадриятга айлантирилиши, ҳуқуқий тарбия мактабдан бошлаб аниқ тизим асосида йўлга қўйилиши, фуқаролар ва тадбиркорларнинг қонуний кафолатларини кучайтириш бўйича ислоҳотлар давом эттирилиши, кибержиноятчилик, гиёҳвандлик ва одам савдосининг олдини олиш чоралари янада кучайтирилиши, яширин иқтисодиёт, уюшган жиноятчилик, аёллар ва болалар ҳуқуқини камситишга қарши кураш янги босқичга кўтарилишини ваъда қилди.

Ташқи сиёсат ҳақида гапираркан, Президент, Ўзбекистон кўп қиррали, вазмин ва мувозанатли ташқи сиёсатни давом эттиришини урғулади. Иқтисодий дипломатия эса ташқи сиёсатнинг устувор йўналиши бўлиб қолади. Афғонистон бўйича конструктив сиёсат қатъий давом эттирилади.

“Биз бугун кечагидан кучлимиз. Насиб этса, эртага бундан ҳам кучли бўламиз! 35 йиллик мустақил тараққиёт йўли бизга бир ҳақиқатни ўргатди: халқ ва давлат ягона мақсад йўлида бирлашиб, астойдил ҳаракат қилса, забт этиб бўлмайдиган марранинг ўзи йўқ”, деди Шавкaт Мирзиёев.

Ўзбекистонда кичик тадбиркорлик субъектларини ҳар қандай текширишга 3 йил муддатга мораторий, 2027 йил 1 январдан бошлаб тадбиркорларга молиявий жарима қўллашда “Биринчи хато учун – огоҳлантириш” қоидаси жорий этилади. Жорий йилнинг 31 декабригача кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектлари учун “Иккинчи имкон” иқтисодий амнистияси эълон қилинади. Бу каби янгиликлар 27 август куни имзоланган “Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан VI очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонидан ўрин олган.

Фармонга кўра, кичик тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини ҳар қандай текширишга 3 йил муддатга мораторий эълон қилинади. Бироқ айрим текширувлар бундан мустасно. Жумладан, жиноят иши доирасида, инсон соғлиғига таъсирини ўрганиш ва меҳнат қонунчилигига риоя этилиши, фуқаролар мурожаатлари, ҚҚСни қоплаш (қайтариш) ҳамда тадбиркорлик субъектининг тугатилиши муносабати билан ўтказиладиган текширишларга мораторий татбиқ этилмайди.

Мораторий амал қилиш даврида кичик тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ноқонуний ҳисобланади.

2028 йил 31 декабрга қадар ҳуқуқий эксперимент сифатида ўрта ва йирик тадбиркорлар томонидан ўз фаолиятини аудиторлик ташкилотини жалб қилган ҳолда солиқ ва йиғимларни тўғри ҳисоблаш ва тўлаш бўйича ташаббус тарзидаги аудитдан ўтказиш ҳамда аудиторлик хулосасини солиқ органи томонидан тан олиш механизми жорий этилади.

Бунда, аудит ўтказилган давр учун солиқ органлари томонидан солиқ аудити ўтказилмайди, аниқланган хато ва камчиликлар 30 кун муддатда бартараф этилганда тадбиркорлик субъектига нисбатан молиявий жарималар қўлланмайди. Мазкур эксперимент доирасида аудит ўтказиши мумкин бўлган ташкилотлар реестри Солиқ қўмитаси томонидан юритилади ва расмий веб-сайтида эълон қилиб борилади, аудиторлик хулосасини тан олиш оқибатида тўланмай қолган солиқ ва йиғимлар аниқланган ҳолатлар бўйича аудиторлик ташкилоти жавобгар бўлади.

Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари фаолиятида бир йил давомида ўтказиладиган ҳар қандай такрорий текширув фақат Бизнес-омбудсман рухсати билан амалга оширилади. Камерал солиқ текшируви эса бундан мустасно.

Бундан ташқари, тадбиркорлик субъектларига молиявий жарималар қўллашда “Биринчи хато учун – огоҳлантириш” қоидаси жорий этилади. Унга кўра, биринчи марта қоида бузган, бироқ фуқаролар ҳаёти ва соғлиғи, ўзгаларнинг мулкига зарар етказмаган тадбиркорларга жарима қўлланмайди. Уларга дастлаб камчиликни бартараф этиш учун 10 кун муддат берилади.

Янги жорий этилаётган “Иккинчи имкон” иқтисодий амнистияси тартибига кўра, иқтисодий амнистия эълон қилингунга қадар юзага келган солиқ қарзи (бундан пеня мустасно) 2026 йил 31 декабрга қадар тўлиқ тўланганда, ушбу қарздорлик бўйича ҳисобланган пеня ҳисобдан чиқарилади ва улар билан боғлиқ ижро ишлари тугатилади.

Аввал тақдим этилган солиқ ҳисоботларига солиқ тўловчи томонидан мустақил равишда тузатиш киритилиб, қўшимча ҳисобланган солиқ суммаси 2026 йил 31 декабрга қадар тўлиқ тўланганда ушбу суммага нисбатан пеня ҳисобланмайди.

Тадбиркорлик субъектлари солиқлар ва йиғимларни тўлаш учун тўлов топшириқномасини банкка тақдим этмаганлик учун маъмурий жавобгарликдан озод қилинади.

Иқтисодий амнистия доирасида йўл қўйилган хатоларни мустақил равишда бартараф этганларнинг Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтингидаги баллари туширилмайди.

Солиқ ҳисоботини ўз вақтида тақдим этмаганлик учун қўлланган маъмурий жариманинг тўланмаган қисми, қатъий белгиланган миқдордаги айланмадан олинадиган солиқни тўловчи субъектларга қўлланган молиявий жарималарнинг тўланмаган қисми 2026 йил 1 январга қадар шаклланган бўлса, қарздорликлар ҳисобдан чиқарилади.

Шунингдек, аввал расмийлаштирилган меҳнат шартномалари Ягона миллий меҳнат тизимига киритилишига рухсат берилади ҳамда кечиктириб киритилганлиги сабабли жарима қўлланмайди.

Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Президент Шавкат Мирзиёев анъанага кўра, “жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Афв этилган 604 нафар маҳкум жазодан тўлиқ озод қилинди, 115 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод этилди. 52 нафар маҳкумга тайинланган жазо енгилроғи билан алмаштирилади. 81 нафар шахсга тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси муддати қисқартирилади.

Афв этилганлар орасида 7 нафар чет эл фуқароси ҳамда 63 нафар тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар бор. Кечирилганлар рўйхатига тушганларнинг 375 нафари ёшлар, 49 нафари аёллар, 37 нафари эса 60 ёшдан ошган эркаклардир.

Ўзбекистоннинг давлат қарзи ўтган чоракка нисбатан 1,33 миллиард долларга кўпайди ва жорий йилнинг иккинчи чораги якунларига кўра, 48,32 миллиард долларни ташкил этди.

Шу давр мобайнида давлат қарзининг ялпи ички маҳсулотга (ЯИМ) нисбати 26,2 фоиздан 27 фоизгача ошган. Қарзнинг асосий қисмини ҳамон ташқи қарз ташкил этмоқда: биринчи чоракда у 39,78 миллиард долларни (умумий ҳажмнинг 85 фоизи), иккинчи чоракда эса 40,71 миллиард долларни (84 фоиз) ташкил этган. Бу бир чорак аввалги 22,2 фоизга нисбатан ЯИМнинг 22,8 фоизига тўғри келади. Ички қарз 7,21 миллиард доллардан 7,60 миллиард долларгача ўсган. Унинг улуши 15 фоиздан 16 фоизга, ЯИМга нисбати эса 4 фоиздан 4,2 фоизга кўтарилган.

Ташқи қарз таркибида қайд этилган (фиксацияланган) фоиз ставкасига эга қарзлар устунлик қилмоқда – уларнинг ҳажми 20,78 миллиард доллардан 21,72 миллиард долларгача (44 фоиздан 45 фоизгача) ўсган, сузувчи ставкали кредитлар улуши эса 40 фоиздан 39 фоизга тушган.

Хорижий валютада номиналлаштирилган қарз ташқи портфелнинг 82 фоизидан 80 фоизигача қисқарган, миллий валютадаги мажбуриятлар улуши эса 2 фоиздан 4 фоизгача ошган. Ташқи қарзнинг деярли барчаси узоқ муддатлилигича қолмоқда: тўлаш муддати бир йилдан ортиқ бўлган мажбуриятлар иккинчи чоракда 39,29 миллиард долларни (81 фоиз) ташкил этган.

Ички қарзда миллий валютадаги инструментлар улуши 10 фоиз даражасида сақланиб қолмоқда, шу билан бирга хорижий валютадаги мажбуриятлар 6 фоиздан 5 фоизга тушган. Ички қарзнинг қисқа муддатли қисми 0,80 миллиард доллардан 1,17 миллиард долларгача ўсган.

Тугаётган ҳафтада Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев АҚШ Президенти Дональд Трампга анъанавий ўзбек айвонларини совға қилгани маълум бўлди. АҚШ Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, Ўзбекистондан юборилган айвонлар Америка томонидан қабул қилиб олинган. Дональд Трамп ушбу совғани Америка халқи номидан қабул қилган.

Анъанавий ўзбек услубида тайёрланган ва нафис ёғоч ўймакорлиги билан безатилган айвонлар Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги дўстона муносабатлар рамзи сифатида парк ҳудудида ўрнатилади. Ташриф буюрувчилар уларни куз ойларида кўришлари мумкинлиги кутилмоқда.

Айвонлар АҚШда амалга оширилиши режалаштирилган “Америка миллий қаҳрамонлари парки” лойиҳаси доирасида Ғарбий Потомак паркига ўрнатилади. Ушбу лойиҳа доирасида 250 га яқин машҳур америкаликларнинг ҳайкаллари, шунингдек, ресторанлар, амфитеатр ва бошқа объектлар барпо этилиши назарда тутилган.

АҚШ Ички ишлар вазирлиги вакили Кэти Мартининг айтишича, анъанавий ўзбек шийпонлари икки мамлакат ўртасидаги мустаҳкам алоқалар рамзи бўлиб хизмат қилади.

Америка – Ўзбекистон муносабатларидан узоқлашмаймиз. АҚШнинг йирик иқтисодий ва технологик марказларидан бири – Сиэтл шаҳри мэри Кэти Б.Уилсон 2026 йил 1 сентябрни шаҳарда расман “Ўзбекистон Мустақиллиги куни” (Uzbekistan Independence Day) деб эълон қилди. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан қабул қилинган.

Сиэтл мэри томонидан имзоланган расмий прокламацияда Ўзбекистоннинг 35 йил давомида суверенитет, тараққиёт ва кенг кўламли трансформация йўлини босиб ўтгани, мамлакат Марказий Осиёнинг энг кўп аҳолига эга давлати ва минтақанинг жадал ривожланаётган иқтисодиётларидан бири экани, очиқ бозорлар ва халқаро шерикликни кенгайтиришга интилаётгани урғуланган.

Ҳужжатда, шунингдек, Ўзбекистоннинг Сиэтлда Бош консулхонаси фаолиятини йўлга қўйилгани натижасида Сиэтл Ўзбекистоннинг бевосита дипломатик ваколатхонаси мавжуд бўлган АҚШнинг саноқли шаҳарларидан бирига айлангани ҳақида сўз борган.

4 сентябрь куни Сиэтлда Ўзбекистон Республикасининг АҚШ Ғарбий соҳилидаги биринчи Бош консулхонасининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтади. Сиэтл АҚШнинг Тинч океани шимоли-ғарбий минтақасидаги энг йирик иқтисодий, технологик ва савдо марказларидан бири. Катта Сиэтл минтақаси 4,1 миллиондан зиёд, иқтисодиёти 2025 йилда қарийб 607 млрд АҚШ доллари ҳажмидаги ялпи ҳудудий маҳсулот яратган бўлиб, бу Вашингтон штати иқтисодиётининг асосий қисмини ташкил этади.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Украина Мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Украина Президенти Владимир Зеленскийга табрик йўллади. Табрикнома юборилгани ҳақида Президент Матбуот хизмати томонидан расмий ахборот берилмади, табрик мактубини Зеленскийнинг ўзи ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида эълон қилди.

“Сизни ва мамлакатингиз халқини Украина Мустақиллигининг 35 йиллиги билан чин қалбимдан табриклайман ҳамда ўзимнинг энг эзгу тилакларимни билдираман. Биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз туфайли мамлакатларимиз ўртасидаги анъанавий дўстлик ва ўзаро ҳурмат принципларига асосланган муносабатлар бундан буён ҳам изчил ривожланиб боришига ишонаман.

Ушбу фурсатдан фойдаланиб, сизга мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт-саодат, фаровонлик ҳамда масъулиятли давлатчилик фаолиятингизда муваффақиятлар, Украина халқига эса тинчлик ва тараққиёт тилайман”, дейилади Шавкат Мирзиёевнинг табрик мактубида.

Ўз навбатида Зеленский Шавкат Мирзиёевга Украина Мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан йўллаган табриги учун миннатдорлик билдирган.

“Украина Ўзбекистон билан анъанавий дўстлик муносабатларини юқори баҳолайди ҳамда икки томонлама ҳамкорлик, савдо ва иқтисодий алоқаларни кенгайтиришга содиқ қолади. Президент Мирзиёевга мустаҳкам соғлиқ ва муваффақиятлар, Ўзбекистон халқига эса тинч ва фаровон келажак тилайман”, деб ёзган Украина Президенти.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends