Исроиллик миллиардер Ўзбекистонда, Мирзиёев маҳаллаларга билдирмасдан бориши мумкин — Midweek

Таҳлил

Бутун дунё бўйлаб яҳудийларнинг ҳимоячиси, яҳудийлик дини билан боғлиқ лойиҳаларни молиялаштирадиган “олмос қироли” Лев Леваев Ўзбекистонга келди. У Самарқандда синагога, яъни яҳудийлик ибодатхонаси қурмоқда.

Шавкат Мирзиёев вилоят ва туман кесимидаги раҳбарларни ўзининг кутилмаган ташрифларидан огоҳлантирди. Давлат раҳбари Норин туманининг Шўрариқ маҳалласига қилган ташрифидаги “сюрприз” исталган пайт Ўзбекистоннинг исталган жойида яна такрорланиши мумкинлигига ишора қилди.

Ғазони тиклаш учун керак бўладиган 70 миллиард долларни берадиган давлатлар топилди. БМТ шундай мамлакатлар билан музокараларни бошлаб юборган.

“Толибон” ва Покистон можароси тугагани йўқ, улар вақтинча келишди, холос. Покистоннинг қамоқдаги собиқ бош вазири Имрон Хон эса агар уни озод қилишса, Афғонистон муаммосига бир зумда ечим топиши ҳақида катта гапирди.

Ҳафтанинг ўрталарига қадар дунёда рўй берган воқеа-ҳодисалар тафсилоти билан QALAMPIR.UZ'нинг Midweek дастурида танишинг.

“Олмос қироли” Самарқандда синагога қуряпти

Ортда қолган кунлар давомида нафақат бизнес, хусусан, олмос савдосида, балки дунё давлатларидаги яҳудийлар билан боғлиқ сиёсатда ҳам жуда оғир вазнга эга ва бунинг ортидан анча-мунча Президентлар билан ҳам шахсан кўришган, улар билан яқиндан алоқа ўрнатган шахс Ўзбекистонга келди. Исроиллик миллиардер, “олмос қироли” Лев Леваев. Бу инсон ҳақида жуда кўп гапириладиган гаплар бор. У ким, нега Ўзбекистонга келди, Самарқандда нима қилиб юрганди? У ерда нега яҳудийлар учун ибодатхона – синагога қурмоқда? Хуллас, саволлар етарлича. Жавоблар эса сиз ўйлаганингиздан-да қизиқ.

Содда қилиб айтганда, у Ўзбекистонга бегона эмас. Охирги пайтлар ўзбек медиаcи Трампнинг маслаҳатчиси Сержио Гор Тошкент вилоятида туғилганини жуда кўп муҳокама қилди. Ишонаверинг, бу нон шаҳрида туғилган, дунёга танилган ва анча қудратли бўлган инсонлар ичида Сержио Гор жуда кичик одам. Биз бугун сўз юритмоқчи бўлган Лев Леваев ҳам Тошкентда туғилгани айтилади. Аммо у Самарқандда яшаган. Яҳудийларга мансуб Леваев Ўзбекистонни 15 ёшида, аниқроги 1971 йилда тарк этган ва Яқин Шарқда янги ташкил топган Исроилга кўчиб кетган. Бизнес фаолиятини эса кейинчалик Европада, хусусан, Британияда бошлаган ва ривожлантирган. У олмос савдоси бўйича монополия яратишга ҳаракат қилганлардан ўзиб кетиб, ўзининг мустақил фаолиятини йўлга қўйишга муваффақ бўлади. Бутун дунёга машҳур бўлган LLD, яъни Lev Levayev Diamonds’га асос солиб, бир неча йиллар ичида “олмос қироли” деган номга ҳам эришади.

Бухоро яҳудийларига мансуб бу шахс 2018 йилда “Forbes”нинг миллиардерлар рўйхатидан ўрин олган. Айни пайтда унинг капитали турли манбаларда 1,1 миллиард долларга баҳоланади. Африка давлатларида олмос конларига, Россия ва Европада эса кўплаб йирик кўчмас мулкларга эгалик қилади. У жуда диндор яҳудий бўлиб, Чабад Любавич ҳаракатининг фаол тарафдори ва ҳомийси ҳисобланади. Ҳа, Леваев Дубайда уч ўзбек томонидан ўлдириб кетилган ўша раввин аъзо бўлган Чабад Любавич ҳаракатининг энг йирик ҳомийларидан бири. Исроилда диний мактаблар ва турли диний жамоатларни қўллаб-қувватлайди.

Хуллас, унга бутун дунё бўйича яҳудийлар манфаати ва диний эркинлиги учун курашувчи норасмий элчи, деб таъриф бериш мумкин. Агар ундaй бўлмаса, бизнес одами нега бутун дунё давлатларининг Президентлари билан учрашиб чиққан, деган савол ўртага чиқади. У шу пайтгача сиз-у биз билган, жуда машҳур Президентлар, қироллар ва бошқа сиёсий етакчилар билан шахсан учрашган. Леваевнинг лидерлар билан учрашувлари рўйхатида Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов, Қозоғистоннинг собиқ раҳбари Нурсултон Назарбоев, Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев, Марокаш қироли Маҳмуд VI ва яна бошқа бир қанча Африка давлатининг собиқ ва ҳозирги президентлари бор. Эътиборга молик жойи шундан иборатки, Леваев Путиннинг яқин дўстларидан бири экани айтилади. У билан учрашган ҳам, боз устига, ўз даврида Леваевнинг кўчмас мулк бизнеси Россияда гуллаб-яшнаган.

Хабарингиз бор, ҳафта бошида эса Самарқанд шаҳрида синагога қурилиши бошлангани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳодисага доир видеоларда эса ибодатхона қурилишига старт бериш учун айнан биз ҳозир сўз юритаётган инсон Лев Леваевнинг шахсан ўзи келган. Муассасаларнинг QALAMPIR.UZ’га маълум қилишича, эски синагога биноси авария ҳолатида бўлган, яъни у одамлар ҳаёти учун хавф туғдиргани сабабли бузилган ва ўрнида янгиcи барпо этилмоқда. Самарқанддаги бу синагога биноси кўп асрлик тарихга эга бўлган ёдгорлик ҳисобланмайди. Унинг реконструкцияси учун барча зарур ҳужжатлар мавжуд экани, янги барпо этилаётган синагогада музей, яҳудийликда диний покланиш учун мўлжалланган махсус сув ҳавзаси (миква), шунингдек, ўқув хоналари бўлиши режалаштирилган. Бино қурилишига яқинда Леваевнинг ўзи тамал тоши қўйиб берди. У келгуси йилда фойдаланишга топширилиши айтилмоқда.

Ғазони тиклаш учун пул берадиганлар бор

Ғазода геноцид тўхтатилгач, асосан, учта масала ўз ечимини кутмоқда. Биринчи навбатда, 21 бандлик тинчлик режасининг ҳали ҳал этилмаган нуқталари қандай ва қай йўл билан ўз ечимини топади, масалан, ҲАМАС қачон демилитаризацияга кўнади ва қачон Исроил 2 йил давомида чақалоқларни қирган қўшинини сектордан тўлиқ олиб чиқиб кетади, деган саволлар ўз жавобини кутмоқда. Иккинчидан, сектордаги бошқарув кимга ўтади ва уларнинг таркиби қандай кўринишда бўлади? Учинчиси ва бир вақтнинг ўзида энг муҳим масалалардан бири бу, шубҳасиз, вайрон бўлган ва яшаш учун мутлақо яроқсиз ҳолга келган Ғазони тиклашни энди ким ўз зиммасига олади? Бу айни пайтдаги энг муҳим масала.

Ҳудди шу мавзу аста-секин ўртага чиқиб бормоқда. Хусусан, 14 октябрь куни БМТ тараққиёт дастурининг Фаластин халқига ёрдам бўйича раҳбари Яко Силлиерс Женевада бўлиб ўтган брифингда Ғазони қайта қуриш ва тиклаш учун 70 миллиард доллар кераклигини маълум қилди. Унинг айтишича, Жаҳон банки жорий йилнинг март ойида зарур инвестицияларни 23 миллиардга баҳолаган, аммо ўшандан бери Исроилнинг давом этган ҳарбий ҳаракатлари, жумладан, Ғазо шаҳарининг жиддий вайрон бўлиши туфайли реконструкция харажатлари сезиларли даражада ошган. Тасаввур қилиш учун сўнгги 4 ойда Исроил Ғазони 3 баробар кўпроқ вайрон қилган. Ҳозирда эса айнан сўнгги қинғирлик ва умумий 2 йиллик вайронгарчилик оқибатларини йўқотиш ва секторни тиклаш учун ҳатто мутахассислар ҳам аниқ муддат бера олмишмаяпти. Бунақанги ҳисоботларда айтиладиган навбатчи жумла эса қуйидагича: “Ғазони тиклаш учун ўнлаб йиллар керак бўлади”. Чунки ҳозиргача фақатгина 81 минг тонна қолдиқлар тозаланган, холос.

БМТ тараққиёт дастурининг Фаластин халқига ёрдам дастури ҳисоб-китобларига кўра, Ғазода камида 50 миллион тонна вайрона қолдиқларини тозалаш керак. Шу билан бирга, ҳозирда вайроналар остида ҳалок бўлган фаластинликларнинг жасадларини топиш ишлари давом этмоқда. Аммо Силлиерс бундай аянчли рақамлар қаторида бир хушхабарни билан ҳам ўртоқлашди. У Европа ва араб давлатлари, Канада ҳамда АҚШ Ғазони қайта тиклаш учун керак бўладиган 70 миллиард доллар миқдоридаги маблағни ажратишга тайёр эканини билдирди. Унга кўра, БМТ ҳозирда ушбу давлатлар билан музокара олиб бормоқда.

“Толибон” ва Покистон вақтинча келишди

Покистон ва Афғонистон 15 октябрь куни вақтинча оташкесим тўғрисида келишиб олди. Покистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнотига кўра, икки мамлакат 15 октябрь куни соат 13:00 дан бошлаб 48 соатлик “вақтинча оташкесим”ни амалга оширади. Баёнотга кўра, ушбу оташкесим Қобулнинг сўровига биноан жорий этилган.

Афғонистондаги “Толибон” маъмуриятининг сўзловчиси Забиҳулла Мужоҳид эса оташкесим “Покистон томонининг қатъий талабига” кўра амалга оширилаётганини билдирди. Унинг айтишича, Қобул ўз кучларига оташкесимга риоя қилишни буюрган, бироқ бу фақат қарши томон ҳужум қилмаган тақдирдагина амал қилади.

Покистон Афғонистондаги ҳарбий постларни, “Толибон” эса Покистоннинг шундай объектларини эгаллаб олганини даъво қилмоқда. Вазият кескинлашгани ортидан Қатар, Саудия Арабистони ва Эрон каби давлатлар икки томонни тинчликка ва сабр-тоқатга чақириб келяпти. Теҳрон ҳатто уларни яраштириш учун ўртада воситачилик қилиши мумкинлигини ҳам эълон қилди. Ғазо ва Украина билан овора бўлаётган дунёнинг аксарият сиёсий марказлари эса бу можаронинг янада аланга олишидан унчалик хавотирланмаяпти, чоғи. Чунки орадан бир ҳафта ўтди – “Толибон” ва Покистон ўртасига тушадиган қудратли ўйинчи топилмади. 170 тагача ядровий каллакларга эга Покистон билан тўқнашув эса “Толибон”ни унчалик хавотирга солмаяпти. Ҳаракат расмийлари “ядровий бомба бизни қўрқита олмайди” деган баёнотлар билан аҳолини манипуляция қилмоқда. Покистон томонда ҳам манипуляторлар тилга кирди. Хусусан, қамоқдаги собиқ Бош вазир Имрон Хон уни озод қилишса, Афғонистон муаммосига бир зумда чек қўйишини айтди.

Аммо Покистон ва “Толибон” масаласи жуда мураккаб. Бу зиддият энди портлади ва олдиндан кутилган эди. Барчасига “Теҳрик-е Толибон Покистон” (ТТП) жангари гуруҳи ва унинг фаолияти сабабчи. Боз устига, уни террорчи ташкилот сифатида қайд этмай келаётган “Толибон”нинг ўзида ҳам “анча бор”. ТТП ўзини “Толибон”нинг Покистондаги бир бўлими сифатида кўради. Улар Покистон ҳукуматига қарши курашувчи қуролли гуруҳ бўлиб, узоқ йиллардан бери кўплаб қонли ҳужумлар уюштириб келади. 2021 йилда “Толибон” ҳаракати Қобулда ҳокимият тепасига келганидан кейин ТТП жангарилари Афғонистоннинг ичкарисида бошпана топиб, у ердан туриб Покистонга ҳужумлар қилиб келаётгани айтилади. Расмий статистикага кўра, фақат 2024 йилнинг ўзида ТТП жангарилари Покистон хавфсизлик кучларига қарши 440 дан ортиқ ҳужум уюштирган ва бундан камида 680 киши ҳалок бўлган. БМТ Хавфсизлик Кенгашининг ҳисоботларига кўра, Афғонистон ҳудудида ТТПнинг тахминан 6-6,5 минг нафар жангариси борлиги қайд этилган.

Бугунги кунда “Толибон”нинг ТТПга ноаниқ муносабати барча ишларни чиғаллаштирмоқда. Расмийлар террорчиликка қарши курашилаётгани, экстремизмга қарши ҳаракатларда бошқа мамлакатлар билан ҳамкорликка тайёр эканини кўп бор таъкидлаб келади. Чунки бу дунё ҳамжамияти томонидан “Толибон”нинг тан олиниши учун унга қўйилган талаблардир. Бироқ Покистон ҳужумлари ва Исломобод ТТПни йўқ қилишни сўраётган бир пайтда, “Толибон” шунчаки Покистонга Афғонистон ерларидан туриб зарар етказилишига йўл қўймаслигини маълум қилиб, аниқ жавобдан қочмоқда. ТТПдан воз кечишнинг кечикаётгани эса катта эҳтимол “Толибон” таркибидаги ультраконсерваторларнинг таъсири бўлиши мумкин. Чунки истаймизми ёки йўқ ТТП ва Толибонни боғлаб турувчи жуда кўп нуқталар мавжуд. Дунё эса “Толибон”дан терроризмга ҳомийлик қилмаслик, террoрчиларга қарши курашиш ва халқаро тартибларга амал қилишни кутмоқда.

Мирзиёев маҳаллаларга яна билдирмасдан бориши мумкин

Эсингизда бўлса, жорий йилнинг 16 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятига ташрифи чоғида Норин туманидаги Шўрариқ маҳалласига тўсатдан кириб борганди. Президентнинг бу ҳудудга боришидан эса қуйидаги раҳбарларнинг хабари бўлмагани аниқ билинди. Чунки йўллар хўжакўрсинга текисланмаган, инфратузилма номигагинa давлат раҳбарининг “тести”дан ўтиш учун тузатилиб, бўялиб, қўл учида бўлсa-дa сарамжон қилинмаганди. Мазкур маҳалланинг шароити оғирлиги, ички йўллар таъмирталаб, кўча чироқлари ва "лотоклар" йўқлиги кўриниб турганди.

Шавкат Мирзиёев 5 мингдан зиëд аҳоли яшайдиган, 62 та камбағал оила, 118 нафар ишсиз ва 157 одам хорижда меҳнат қилиш учун кетган бу маҳалладаги муаммолар бўйича аҳоли фикрларини эшитганди. Шундан сўнг, Норин тумани ҳокими Жўрабек Нурматов Президентнинг Шўрариқ маҳалласига ташрифи вақтида масъулларга қаратa билдирилган танқидлардан сўнг, ушбу маҳаллага махсус контейнер уй ўрнатиб, шу кулбага кўчиб ўтгани айтилди. Ҳоким у ерда ростдан ҳам яшади-ми ёки яшашда давом этяптими, бу ҳақда QALAMPIR.UZ'да маълумот йўқ.

Шавкат Мирзиёев эса 14 октябрь куни маҳалла тизимини янада такомиллаштириш ва жойларда ишларни самарали ташкил этиш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказди. Ушбу йиғилишда давлат раҳбари барчага жиддий огоҳлантириш билан чиқиб, Наманган вилояти, Норин туманига қилган ўша ташрифидан сўнг, ҳаммага кўзини очиши кераклигини уқтирди. Демак, Шавкат Мирзиёевнинг песпублика ҳудудидаги маҳаллаларга кутилмаган ва олдиндан эълон қилинмаган ташрифлари давом этиши мумкин.

Шунингдек, Президент ушбу йиғилишда маҳаллада “еттилик” тизими жорий қилиниб, кредит, субсидия, компенсация, моддий ёрдам ажратиш каби 100 дан зиëд хизматлар маҳалла даражасига туширилгани ҳисобига 7,5 миллион фуқаро камбағалликдан чиққанини, ишсизлик даражаси 2 баробар қисқарганини, 3,5 минг маҳалла қиёфаси замонавий кўринишга келганини қайд этди.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон Шавкат Мирзиёев Наманган Самарқанд Покистон Толибон маҳалла синагога Ғазо Норин Шўрариқ Лев Леваев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг