Кўп муҳокамалар, баҳслар бўлди – Шавкат Мирзиёев Жиззахдаги АЭС ҳақида (видео)
Жамият
−
11:58 6638 4 дақиқа
Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин Ўзбекистонда интеграциялашган атом электр станциясининг биринчи энергия блокини қуриш ишларига старт бергани ҳақида хабар қилинган эди. Ўзбекистон етакчиси мазкур жараёнга қадар узоқ муҳокамалар, баҳслар бўлганини айтди. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев кеча, 4 июнь куни Владимир Путин билан учрашув чоғида сўз очди.
Дастлаб Путин Ўзбекистон етакчисига вақт топиб, Петербургга келгани учун миннатдорлик билдирган ва Ўзбекистонда қуриладиган биринчи атом электр станцияси ҳақида тўхталган.
“Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форумида иштирок этиш учун вақт топиб, Петербургга келганингиз учун катта раҳмат. Сиз бизнинг бош меҳмонимизсиз ва эртага бизда оммавий равишда икки томонлама иқтисодий алоқалар ва муаммолар ҳақида гаплашиш, шунингдек, минтақадаги ва дунёдаги вазият билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилиш имконияти бўлади. Иқтисодиётда юз бераётган воқеалар ҳақида сизнинг фикрингизни эшитиш биз учун жуда қизиқарли.
Лекин бугун бизда яна бир жуда ёқимли воқеа – бу бўлажак йирик, қувватли объектнинг – Ўзбекистонда Россия дизайни асосида қуриладиган биринчи атом электр станцияси пойдеворининг қўйилишидир. Бунинг устида сиз шахсан ўзингиз жуда кўп ишлаганингизни биламан”, дейди Россия раҳбари.
Шунингдек, у Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик масалаларига ҳам тўхталган.
“Умуман олганда, мамлакатларимиз иқтисодиёти муваффақиятли ривожланмоқда. Сизнинг раҳбарлигингизда Ўзбекистон иқтисодиётида юз бераётган ўзгаришлардан хурсандмиз. Товар айланиши ўсяпти, ўтган йили у 12 фоиздан кўпроққа ошди – бу жуда яхши кўрсаткич.
Биз сиз билан доимий алоқадамиз ва гаплашадиган мавзулар доим топилади, чунки муносабатларимиз ҳажми тинимсиз кенгаймоқда. Бу ўзаро инвестициялар ҳажмига ҳам тегишли: Россиянинг Ўзбекистон иқтисодиётига киритаётган сармоялари ҳам яхши динамикага эга, яхши суръат олди. Энг муҳими, иккала жараён ҳам ҳар икки мамлакат манфаатларига хизмат қилмоқда”, дейди Путин.
Ўз ўрнида Ўзбекистон Президенти Петербургда ўтаётган форум ва музокаралар ҳақида сўз очган.
“Ҳақиқатан ҳам, биз катта жамоа билан мамнуният билан келдик, форумнинг барча шўъбаларида фаол иштирок этяпмиз, форум жуда жиддий. Биз бундай даражада биринчи марта қатнашишимиз ва албатта, барча музокаралар, учрашувларни бошлаб юбордик.
Ўйлайманки, эртанги ялпи йиғилиш ҳам кўп нарсалар, жумладан, икки мамлакат иқтисодиёти ҳақида гаплашиб олишга имкон беради. Мен ҳам тайёргарлик кўряпман, бу ҳақда сиз билан бир неча бор гаплашган эдик. Бу ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва келишувларимиз натижадорлиги учун жуда фойдали бўлади, деб ҳисоблайман”, дейди Ўзбекистон етакчиси.
Шу билан бирга, Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда қурилиши бошланган АЭС ҳақида тўхталиб, мазкур жараёнга қадар узоқ муҳокамалар, баҳслар бўлганини айтган.
“Тарихда илк бор “Росатом” билан гибрид станция: иккита кичик модел, иккита катта модел барпо этилмоқда. Сиз айтганингиздек, биз бунга узоқ вақт давомида интилдик, узоқ гаплашдик, баҳслашдик. Лекин, ниҳоят, энг тўғри қарорга келдик — бу биз учун жуда зарур, чунки иқтисодиёт ўсяпти, энергетика таъминланган бўлиши керак.
Мен сизга бир неча бор айтганман, уран ишлаб чиқариш бўйича дунёда бешинчи, захиралари бўйича эса ўнинчи ўриндамиз. Бу биз учун 60 йиллик келажак демакдир. Янги гибрид станциямиз учун 19,5 тонна уран керак бўлади. Биз “Росатом”даги ҳамкасблар билан бу масала устида жуда жиддий музокара олиб боряпмиз. Ўйлайманки, бу натижа икки томон учун ҳам жуда манфаатли бўлади. Бу – Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги энергетика соҳасидаги стратегик лойиҳадир. Бизда бу йўналишдаги лойиҳаларни фақат шу билан чеклаб қўймаслик нияти бор”, дейди Ўзбекистон етакчиси.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Президенти ҳам иқтисодий ҳамкорлик масалалари ҳақида сўз очган.
“Сиз таъкидлаганингиздек, албатта, товар айланмаси яхши кетмоқда. Бош вазирлар Ҳукуматлараро комиссия йиғилишини ўтказишди, Ҳудудлар форумини ўтказдик, анъанавий олтинчи “ИННОПРОМ” бўлиб ўтди. Сиз билан келишиб олган барча масалаларимиз муваффақиятли амалга оширилмоқда.
Ҳақиқатан ҳам, сиз ҳозир қайд этганингиздек, товар айланмаси сиз билан келишиб олган мақсадимизга – йиллик 20 миллиард долларлик маррага яқинлашмоқда, бугунги кунда 2025 йил якунларига кўра бу кўрсаткич 13 миллиард долларни ташкил этди. Лекин, ўйлайманки, 2026 йил якунлари бўйича яна ўсишга эришамиз, чунки йирик лойиҳаларимиз ҳам бор. Шундай экан, ушбу учрашувимиз ҳам бунга янги суръат бағишлайди, деб ҳисоблайман.
Жамоамизнинг режалари жуда катта. Маданий дастурларимиз ҳам бошланди: Мариинский театрида, Эрмитажда кўргазмаларимиз очилди. Биз барча йўналишларни қамраб олган яхлит мажмуа билан келдик”, дейди Ўзбекистон Президенти.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 5 июнь куни Ўзбекистон раҳбари 29-Петербург халқаро иқтисодий форумининг асосий тадбирларида иштирок этиши кўзда тутилган.