Mercedes Benz, чиройли рақам, қорайтирилган ойна... Ҳукуматдагиларнинг “шохи” борми?
Жамият
−
07 Февраль 2022
29695Ҳукуматнинг хизмат автомобиллари учун сотиб олинадиган чиройли рақамлар, уларнинг “тонировкаси” учун бюджетдан бир тийин ҳам пул ажратилаётгани йўқ. Бу ҳақда бугун, 7 февраль куни ўтказилган матбуот анжуманида Адлия вазири Русланбек Давлетов маълум қилди.
“Қиммат машиналар бўйича Вазирлар Маҳкамасининг қарори чиққан. Ҳозир маълум чекловлар белгиланди. Бу ҳам жуда яхши бўлди. Мен бу масала 3-4 йил олдин кўтарилиши керак, деб ўйлаб тургандим. Шу кунгача маза қилиб машиналарда юриб қолдик. Лекин энди бу масала Вазирлар Маҳкамаси қарори билан киритилди. Бу жуда тўғри ва жараённи янаям тезлаштириш тарафдоримиз. Ҳукумат аъзоларига қандай машиналар берилган бўлса, бизга ҳам шундай берилган. Биттасини сотиб олганмиз. Биттаси ҳукуматдан ягона ёндашув асосида берилган. Бу ерда ҳам тўғри масала қўйиляпти. Ўзбекистоннинг иқтисоди ва аҳолининг турмуш шароитидан келиб чиққан ҳолда, шунга яраша юриш керак. Ўйлайманки, бу соҳадаги чекловлар яна ҳам кучаяди.
Биттаси қиммат машина сотиб олса, ҳамма дарров бу мавзуни кўтарилиб чиқяпти-ку. Олдин шу йўқ эди-ку. Бу давлат харидлари ва шартномаларни очиқ қилганимизнинг ортидан бўляпти, яъни давлат бундан манфаатдор”, дейди Адлия вазири.
Шунингдек, Русланбек Давлетов давлат органлари автомобиллари учун олинадиган рақамлар ва ойнаси қорайтирилаётган ҳукумат автомобиллари билан боғлиқ ҳолатлар ҳақида тўхталиб ўтди.
“Чиройли рақамлар бўйича у қадар катта муаммо йўқ. Чунки, давлат органлари автомобиллари рақами учун тўловлар бир хил. Чиройли рақамларни шахсий тарзда ёки тадбиркорлар олиши мумкин. Бу ерда бюджетдан бир тийин ҳам пул ажратилаётгани йўқ.
Қорайтирилган ойналар бўйича ҳам давлат бюджети ҳисобидан ҳеч қандай пул олиниши мумкин эмас. Бу тўғридан тўғри ёзилган. Бизники ҳам қорайтирилган. Лекин бюджетдан ҳеч қанақа пул олинмаган. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи сифатида рухсат бор, шунинг учун шундай юриляпти. Ёки ҳайдовчилар ўзи қизиққани учун чўнтагидан оддий фуқаро сифатида қилиши мумкин. Айнан пул нуқтаи назардан бу ерда бюджет билан боғлиқ бўлган масала йўқ. Ҳозир ойналарни қорайтириш мавзу сифатида гапирсак, бу жуда катта мавзу”, дейди у.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев ўтган йилнинг август ойида QALAMPIR.UZ’га берган интервьюсида амалдорлар, жумладан депутатлар ҳам халқ тўлаган солиқлар ҳисобидан шаклланадиган бюджетдан олинган Mercedes Benz’да эмас, Nexia ёки Cobalt’да юриши кераклигини айтганди. Шунингдек, у амалдорларнинг қорайтирилган ойнали автомобилларда юришига ҳам қарчи чиққанди.
“Хизмат автомобилимдан деярли фойдаланмайман! Ойда бир ёки икки марта фойдаланаман ёки йўқ. Лекин хизмат уйидан фойдаланаман, тўғри. Қолган амалдорларга ҳам тавсия берган бўлардимки, ўзимизда ишлаб чиқарилаётган Nexia-3 ёки Cobalt’дан ортиқ хизмат автомобилига минмасин. (!) Mercedes Benz’да юрадиганлари ҳам бор. У каби машиналарда бензин ҳам кўп кетади, нархи ҳам қиммат. Бу маблағлар кимнинг ҳисобидан олиняпти?”, дейди Кушербоев.
LiveБарчаси