Кушербоев халқнинг пулига “тонировка” тутиб, Mercedes’да юрганларни Nexia’да юришга чақирди
Интервью
−
02 Август 2021
18381Ўзбекистонлик амалдорлар, жумладан депутатлар халқ тўлаган солиқлар ҳисобидан шаклланадиган бюджетдан олинган Mercedes Benz’да эмас, Nexia ёки Cobalt’да юриши керак. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев QALAMPIR.UZ’га берган интервьюсида сўз очди.
Сўзи бошида Кушербоев давлат бюджети маблағларини бесамар сарфламасликка тўхталаркан, ўзи ҳам давлат берган айрим имкониятлардан воз кечганини, сайловчилардан юқори шароитда яшай олмаслигини айтади.
“Одамларда бўлган имконият, шароитдан ортиқ даражадаги шароитда яшаш менга тўғри келмайди. Менинг асосий иш берувчим улар. Иш берувчиларим оғир аҳволда яшаса, мен комфорт ҳаётда юролмайман. Керак бўлса, мен ўзим кўп имтиёзлардан кечиб юборганман”, дейди депутат.
Расул Кушербоев алоҳида поликлиникада Ҳукумат томонидан оиласига кўрсатиладиган тиббий хизматни рад этгани, ўзи ҳам бошқалар қатори оддий оилавий поликлиникига бориши ва улар дуч келадиган муаммоларга учраётгани, соатлаб “очередь”да тургани ҳақида ҳам гапирди.
“Хизмат автомобилимдан деярли фойдаланмайман! Ойда бир ёки икки марта фойдаланаман ёки йўқ. Лекин хизмат уйидан фойдаланаман, тўғри. Қолган амалдорларга ҳам тавсия берган бўлардимки, ўзимизда ишлаб чиқарилаётган Nexia-3 ёки Cobalt’дан ортиқ хизмат автомобилига минмасин. (!) Mercedes Benz’да юрадиганлари ҳам бор. У каби машиналарда бензин ҳам кўп кетади, нархи ҳам қиммат. Бу маблағлар кимнинг ҳисобидан олиняпти?”, дейди Кушербоев.
У бу фирклар “Миллий тикланиш” демократик партияси раиси – Олий Мажлис спикерининг ўринбосари Алишер Қодировдан тортиб, вазирларгача қаратилганини урғулади.
“Амалдорлар халқнинг ҳисобидан олиб, шу “комфорт” машинада юришибди”, дейди депутат.
Шунингдек, у амалдорларнинг автомобиллари ойналари қайси маблағлар эвазига қорайтирилганининг ҳам тагига етиш кераклигини айтмоқда:
“У ҳам бюджет ҳисобидан бўлиши мумкин. Бунинг тагига етиш керак. Кўпчилиги халқ тўлаётган солиқлар ҳисобидан. Кўпчилиги бюджетдан тўлар экан, яъни халқнинг пулидан. Ишхонасининг пули дегани, халқнинг пули дегани-да!”
Унга кўра, амалдорлар ҳам халқ юрган йўлдан юриши, оддий одамларнинг уйида тунаб қолиши, болалар йўл йўқ жойларда мактабга қандай бориб келаётганини кўриши керак.
“Aна шундай одамлар ўйлаши керак: сени иш берувчинг халқ! Улар қандай аҳволда-ю сен у берган имкониятдан қандай фойдаланяпсан?! Бизнинг амалдорлар ҳам халқ юрган йўлдан юриши керак. Унинг қоп-қора Mercedes Benz’да район марказига боргани, у ерда ҳамма қўли кўксида кутиб олгани, бир-иккита маҳаллага кириб чиққани иш эмас. Улар кириб-чиққанда ҳам ҳал бўлмаётган ишлар кўп. Улар бориб, ҳақиқатни кўриши керак. Ўша ернинг муаммосини ҳал қилиши керак. Керак бўлса, ўша ерга вагон олиб бориб яшасин. Бирорта фуқарога айтса, бир кунга уйидан жой беради. Иссиқ ўрин беради. Бориб яшасин! Уларнинг болалари километрлаб йўл йўқ жойдан мактабга қатнаб юрибди”, дейди Кушербоев.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев билан тўлиқ интервьюни YouTube'даги саҳифамизда томоша қилишингиз мумкин.
LiveБарчаси