“Мени аёл сифатида ҳимоя қилинг”. Лола кийиниши ҳақидаги ҳақоратларга изоҳ берди
Маданият-санъат
−
20 Апрель
52272Ижтимоий тармоқларда хонанда Лола Йўлдошеванинг концертда кийиб олган кийими кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Баъзи тармоқ фойдаланувчилари уни турли хил сўзлар билан ҳақоратлаб, хонандани жазолашни сўраган. Шундан сўнг, “Ўзбекконцерт” биносида хонанданинг ушбу давлат муассасаси вакили билан суҳбати акс этган видео пайдо бўлди.
Видеодаги эркак хонандани яхши билиши ва ҳурмат қилишини, аммо “гап янада кўпаймаслиги” учун қўшиқчи билан суҳбат олиб борилганини ёзишини айтган.
“Бусиз яна хабарлар кўпайиб кетади”, дейди “Ўзбекконцерт” вакили.
Энди ҳолат бўйича “Ўзбекконцерт” берган муносабатга қарайдиган бўлсак, муассаса вакили айтганидек, худди шундай баёнот берилган.
“Ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлаётган воқеага ойдинлик киритиш мақсадида жорий йилнинг 18 апрель куни хонанда “Ўзбекконцерт” давлат муассасасига таклиф этилиб, ҳолат юзасидан суҳбат олиб борилди. Хонандага яна бир марта лицензия талаблари эслатилди. Шу ўринда, “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси барча санъаткорлардан саҳна маданиятига риоя этишларини сўраб қолади”, дейилади муносабатда.
Аммо хонанда Лола “Ўзбекконцерт” вакили билан суҳбатда муассаса унга танбеҳ беришини эмас, балки аёл сифатида ҳимоя қилишини исташини айтган.
“Эркаклар буни кўриб, ёмон изоҳлар ёзишмоқда. Бу ҳар бир аёл билан содир бўлиши мумкинлигини айтишингизни хоҳлардим”, дейди хонанда йиғлаган ҳолда.
Шундан сўнг, Лола ўзининг Instagram саҳифасида ҳолат бўйича муносабатини ёзиб қолдирди.
“Одамлар шов-шувга интилиб, ўз қилмишлари билан кимнингдир ҳаётини, тақдирини, ўзига бўлган ишончини синдириши мумкинлигини ўйламай, одамийлигини йўқотиб қўяётганликлари жуда ачинарли. Тасодифан йўл қўйган хатоси учун аёлни камситиш ва эзиш, ҳамманинг олдида калтаклаш ўта даражада пастликдир. Ҳар ким қоқилиши мумкин. Аллоҳнинг ўзи барчага ҳукм чиқарувчи Олий ҳакамдир”, дея ёзган хонанда.
Шуни қайд этиш керакки, ушбу воқеадан сўнг бир қанча таниқли шахслар уни қўллаб-қувватлаб тармоқларда пост қолдирди.
Масалан, актриса Асал Шодиева шундай ёзади:
“Ўзбек халқи азал-азалдан ўзининг бағрикенглиги, меҳр-оқибати, урф-одатлари, аёлга бўлган чексиз ҳурмати билан машҳур бўлган, чунки у қиз, опа-сингил, она ва бувидир. Ҳозир Лола билан содир бўлаётган барча воқеалар мени чуқур қайғуга солмоқда. Юлдузларимиз билан фахрланиш, ижодкорликни, ўзига хосликни қадрлаш ўрнига, уларни сўндириб, қанотларини юлиб, камситишмоқда, Лоланинг шаъни ва қадр-қимматига доғ туширишяпти. Аёл шаънига доғ туширадиган видеони тарқатишнинг ҳожати йўқ, ҳозир ҳам, келажакда ҳам. Лолани қўллаб-қувватлайлик”.
“Юксалиш” ҳаракати раҳбари, депутат Бобур Бекмуродов ҳам ҳолатга муносабат билдирди:
“Лола Йўлдошева қайси қонунни бузди? Жавоб – ҳеч қайси”, дея қайд этган у X'даги саҳифасида.
Маълумот учун, хонанда Лола Йўлдошева ўзбек санъатига даставвал актриса сифатида “Севинч” ва “Келгинди куёв” фильмларидаги роллари орқали кириб келган. Қўшиқчилик фаолиятини Мая тахаллуси билан, асосан, рус тилида қўшиқ куйлашдан бошлаган. У бугунги кунда ҳам ўзбек ва рус тилларида бирдек ижод қилади.
Эслатиб ўтамиз, 2019 йилда Лола Йўлдошеванинг “Севгингни айт менга” қўшиғи ва унга ишланган клипи кўплаб баҳс-мунозараларга сабаб бўлганди. Эътиборлиси шундаки, клип шунчаки шоу-бизнеснинг навбатдаги маҳсули эмас, балки сўз эркинлиги, бюрократия ва жамиятдаги тақиқларга қарши бойкот сифатида қабул қилинди.
LiveБарчаси