Мен ўз ишимни қиляпман – Сречко Катанец
Спорт
−
20 Ноябрь
9921Жаҳон чемпионати саралаши 3-босқич 6-туридан ўрин олган КХДР-Ўзбекистон ўйинидан кейин “оқ бўрилар” бош мураббийи Сречко Катанец матбуот анжуманида қатнашиб, журналистлар саволларига жавоб берди.
“Биринчи таймни жуда яхши ўтказдик, яхши имкониятларга эга бўлдик, лекин афсуски, кўп вазиятлардан фойдалана олмадик. 2-бўлим бошида Бобур Абдухолиқов яхши имкониятни голга айлантира олмади, агар у гол урса ўйин анча енгил кечиши мумкин эди”, дейди Катанец.
Мураббий футболчиларининг нега учрашувда катта қийинчилик билан ғалаба қозонгани ва пенальти билан боғлиқ ҳолатга изоҳ берди.
“Албатта, футболда йўқ жойдан шунақа ҳолатлар ҳам бўлиб туради, лекин Юсупов зарбани қайтарди ва керакли натижага эга бўлдик. Менимча, тўлиқ 90 дақиқа давомида яхши ўйин кўрсатадиган жамоалар бўлмаса керак. КХДР билан қийин шароитда ўйин ўтказдик. Юқори намлик, вақтдаги тафовут ва Қатардан ўйин охирида ўтказилган гол ўз таъсирини кўрсатди. Асосий футболчиларсиз ўйин ўтказган бўлсак ҳам, КХДР билан ўйинда майдонга тушган ўйинчилар ўзини ижобий томондан кўрсата олди”, дейди мутахассис.
Анжуманда Катанец Лаосдаги майдонлар ҳолати футболчиларнинг соғлиги учун хавфли эканлигини айтди.
“Шу билан бирга, Осиё футбол конфедерациясига мурожаат қилмоқчиман, Лаосдаги майдонда тўп тепиш футболчиларнинг соғлиги учун хавфли. Бундан ташқари, машғулот майдонининг сифати ҳам ёмон даражада эди. Бу ердаги ташкилий масалаларда ҳеч қандай эътирозим йўқ”, дейди мутахассис.
Сречко Катанец кейинги ўйинлар билан боғлиқ саволларга ҳам жавоб берди.
“Мен ўз ишимни қиляпман. Мени қўллаб-қувватлаётганлари учун футболчиларга миннатдорлик билдирмоқчиман. Биз 6 та ўйинда мавжуд 18 очкодан 13 тасини жамғаришга муваффақ бўлдик. Олдинда 4 та ўйин бор ва биз 12 очко учун ҳаракат қилишимиз керак. Мундиал йўлланмасини муддатидан аввал нақд қилишга ҳаракат қиламиз, бироқ охирги ўйингача курашадиган кайфиятда бўлишимиз керак. Асосий футболчиларсиз қийин ўйинларда ғалаба қозониш осон эмас”, дея қўшимча қилди Катанец.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ КХДР билан баҳсда Ўзбекистон терма жамоасининг ғалабасига энг катта ҳиссани қўшган футболчилардан бири, дарвозабон Ўткир Юсупов ҳам ўз фикрларини билдирганди.
LiveБарчаси