Мексикада футбол ўйини вақтида 11 киши отиб ўлдирилди (видео)
Олам
−
27 Январь 10044 1 дақиқа
Мексиканинг Гуанахуато штатига қарашли Саламанка шаҳрида футбол ўйини вақтида юз берган отишма оқибатида камида 11 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда “Quinta Fuerza” хабар берди.
Маълум қилинишича, бахтсиз ҳодиса 25 январь куни “Campos de las Cabañas” стадионида содир бўлган.
Маҳаллий манбаларга кўра, иккита қуролланган шахс стадионга яқинлашиб, атрофдагиларга тартибсиз равишда ўқ уза бошлаган. Отишма пайтида аёллар ва болалар ҳам бўлган. Ҳодиса бир неча дақиқа давом этган, воқеа жойидан қарийб 100 та ўқ донаси топилган.
Тиббиёт ходимлари 10 кишининг воқеа жойида вафот этганини тасдиқлаган. Яна бир жабрланувчи шифохонага олиб кетилаётганда вафот этган. Ҳужумчилар эса воқеа жойидан қочиб кетган.
Ҳозирча гумондорларнинг шахси ва ҳужум сабаблари аниқланмаган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳодиса бўйича тергов олиб бормоқда.
“Ҳужум бир неча дақиқа давом этди. Шу билан бирга, ўқ овози шунчалик баланд эдики, уни стадиондан 15 км узоқликда ҳам эшитиш мумкин эди. Жиноятчилар номаълум йўналишда қочиб кетди”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бурунди чемпионатининг иккинчи дивизионида иштирок этувчи “Гепье дю Лак” клуби футболчиси Игиранеза Айме Герик ўйин вақтида фожиали тарзда вафот этганди.
Live
Барчаси