“Меҳрибон Президент” таътилни қандай ўтказаётгани кўрсатилди
Олам
−
05 Август 2019
9786Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг таътили давом этмоқда. Кеча, 4 август куни маҳаллий телеканалда давлат раҳбарининг таътилни қандай ўтказаётгани ҳақида лавҳа эфирга узатилди. 35 дақиқалик информацион дастурнинг нақ 28 дақиқаси Туркманбошининг таътилига бағишланди.
Лавҳа аввалида Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов таътил кунларини саҳарлаб велосипед минишдан бошлаётгани айтилади.
“Меҳрибон арқадағимиз давом этаётган таътилини саҳарлаб велосипед минишдан бошлади. Сўнгги йилларда Ҳурматли Президентимизнинг ташаббуси билан спортнинг турли кўринишлари, жумладан велосипед спорти ривожланмоқда. Айниқса, ўсиб келаётган ёш авлод велосипед спорти билан мунтазам шуғулланиб келмоқда”, дея Президентни улуғлаш билан бошланади лавҳа.
Ҳикоя давом этаркан, кадр ортидаги муаллиф “меҳрибон арқадағ” велосипеддан кейин от спорти мажмуасига бориб, аҳалтака оти билан машқ қилганини айтди. Кадрда эса Президент ҳақиқий чавандозлар либосида гавдаланади.
От билан машғулотлардан кейин давлат раҳбари боулинг ўйнагани келади. Спорт мажмуасида сув ҳавзаси ва оғир атлетика салони ҳам бўлиб, “арқадағ” профессионал спортчиларга спорт билан қандай шуғулланиш кераклигини ўргатади.
Маълумки, Туркманбоши нафақат давлат раҳбари, спортчи, ёзувчи, балки қўшиқчи ҳамдир. Лавҳада Президентнинг овоз ёзиш студиясида янги қўшиқлар устида ишлаётгани ҳам кўрсатилган.
Давлат раҳбари пойгани ҳам канда қилмайди. Кейинги кунни у пойга билан бошлаган. Ҳали кун ёришмай туриб пойга автомобилида майдонга чиққан Бердимуҳамедов “Жаҳаннам дарвозаси” деб ном олган улкан газ кратерига борган ва машинани маҳорат билан бошқарган.
Эслатиб ўтамиз, Туркманбоши жорий йилнинг 15 июль куни таътилга чиққан эди. Орадан кўп ўтмай, 21 июль куни унинг вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалди. 24 июль куни Гурбангули Бердимуҳамедов телевидение орқали кўриниш берди.
Маълумот ўрнида, 2007 йилдан буён мамлакатни бошқариб келаётгани Бердимуҳаммедовнинг бу йилги таътили 15 августгача давом этади.
LiveБарчаси
26 Ноябрь