МДҲда раислик Қирғизистонга ўтди. Жапаров режаларини айтди
Олам
−
14 Октябрь 2022 5491 2 дақиқа
Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Қирғизистоннинг Мустақил давлатлар ҳамдўстлигига бўлажак раислигининг устувор вазифаларини маълум қилди. Бу ҳақда у бугун, 14 октябрь куни МДҲ Давлат раҳбарлари кенгашининг Остонадаги йиғилишида сўз очди.
У, айниқса, Қозоғистоннинг жорий йилда МДҲга муваффақиятли ва самарали раислик қилганини алоҳида таъкидлади.
Президентнинг қайд этишича, Қирғизистон томони баҳсли масалаларни фақат тинч йўл ва сиёсий-дипломатик усуллар билан ҳал этиш зарурлиги ҳақидаги ўзгармас позицияга амал қилади.
Бундан ташқари, Жапаров 2023 йил 1 январдан МДҲга раислик Қирғизистонга ўтишини қўшимча қилди. Қирғизистон томони ўз раислиги даврида МДҲга аъзо давлатлар ўртасида бир-бирининг манфаатларини ҳурмат қилишга асосланган яхши қўшничилик ва ишончли муносабатларни мустаҳкамлашга доимо катта эътибор қаратади.
Қўшимча қилинишича, иқлим ўзгариши муаммолари, хавфсизлик ва барқарор ривожланиш билан бевосита боғлиқ бўлган экологик муаммолар устувор вазифалардир. Шу нуқтаи назардан, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экологик тоза технологияларни жорий этиш, яшил иқтисодиёт улушини ошириш бўйича қўшма лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш мақсадида халқаро институтлар билан фаол мулоқотни йўлга қўйиш зарур.
Қирғизистон раҳбари МДҲ давлатлари ўртасидаги транспорт, алоқа ва коммуникациялар, миграция сиёсати, маданий-гуманитар ҳамкорлик, халқаро ташаббуслар ва давлатлараро дастурларни амалга ошириш каби соҳалардаги шерикликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришга саъй-ҳаракатларни йўналтириш ҳам муҳим эканини таъкидлади.
“Қирғизистон МДҲга аъзо давлатларнинг турли соҳалардаги қонун ҳужжатларини янада яқинлаштириш мақсадида парламентлараро ҳамкорликни кучайтиришга интилади”, дейди у.