Мавжуд бўлмаган ҳужжат: Турин прокуратураси Роналдуни кутмоқда
Спорт
−
02 Декабрь 2021
3358Аввалроқ, “Ювентус” президенти Андреа Аньелли, вице-президент Павель Недвед ва собиқ спорт директори Фабио Паратичи ёлғон хабар берганликда гумон қилиниб, терговга чақирилиши ҳақида хабар берган эдик.
Турин прокуратураси эндиликда клуб собиқ ҳужумчиси Криштиану Роналдуни тергов қилишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда “La Gazzetta dello Sport” нашри хабар берди.
Маълум қилинишича, португалиялик футболчининг Италия клуби билан шартномаси бўйича ёлғон молиявий ҳисоботлар масаласи терговнинг муҳим қисмидир. Шаҳар прокурори яқин орада футболчини сўроқ қилиб, клуб билан ҳамкорлик тафсилотларини билмоқчи.
Телефон суҳбатларида “Ювентус” раҳбарлари “назарий жиҳатдан мавжуд бўлмаслиги керак бўлган ҳужжат” ҳақида суҳбат ўтказишган. Бундан аввал эса Роналду карантин вақтида “Кекса Синьора”дан қўшимча тўловлар олган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Эслатиб ўтамиз, дастлабки маълумотларга кўра, 2018-2019 ва 2020-2021 йилги мавсумларда клубнинг молиявий ҳисоботлари 50 миллион еврога сохталаштирилгани айтилмоқда.
Маълумот учун, Италия истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ассоциацияси (CODACONS) раҳбари Марко Донзелли сўзларига кўра, “Ювентус” тергов жараёнларида ёлғон маълумотлар бергани учун “Б” серияга тушиб кетиши ва Скудеттодан маҳрум қилиниши мумкин.