Масжиддаги газ портлаши ортидан ҳукумат комиссияси тузилди
3-саҳифа
−
31 Март
11714Бугун, 31 март куни тушдан кейин Андижон вилоятидаги “Аҳмадали ҳожи” жоме масжидида содир бўлган газ портлаши ортидан ҳукумат комиссияси тузилди. Бу ҳақда Бош вазир матбуот котиби Бекзод Ҳидоятов маълум қилди.
Билдирилишича, масжид ҳудудида рўй берган бахтсиз ҳодиса оқибатида ҳалок бўлган фуқароларнинг оила аъзоларига ҳар томонлама кўмаклашиш ҳамда жабрланган фуқароларга тез тиббий ёрдам кўрсатиш, ушбу бахтсиз ҳодисанинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш, шунингдек, бу каби фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг тегишли фармойиши қабул қилинган.
Фармойиш билан Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов бошчилигида ҳукумат комиссияси тузилган.
Дастлабки маълумотларга кўра, талафот оқибатида 3 нафар фуқаро ҳалок бўлган, 10 нафар фуқаро тан жароҳати олиб, шифохонага юборилган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ ҳодиса содир бўлгани хабар қилинганида водийда бўлиб турган Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазири генерал-майор Ботир Қудратхўжаев Избоскан туманига етиб борганди. Кейинроқ Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳам воқеа жойига жўнаб кетди. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан дастлабки терговолди суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
LiveБарчаси
Тренддагилар




