Маст ҳайдовчининг қариндошлари ЙПХ ходимларини калтаклади
3-саҳифа
−
10:25 4863 2 дақиқа
Сурхондарё вилоятининг Ангор туманида ЙПХ ходимларига қаршилик кўрсатгани айтилаётган фуқароларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ хабар берди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 9 август куни 1987 йилда туғилган Т.У. исмли шахс Damas русумли автомашинани бошқариб кетаётиб, хизмат вазифасини бажараётган ЙПХ ходимларини кўрган. Шундан сўнг ҳайдовчи ҳаракат йўналишини ўзгартириб, қочишга уринган ва шубҳали ҳаракатлар содир этган.
ЙПХ ходимлари эса автомашинани кузатиб борган. Ҳайдовчи Ангор туманидаги “Илғор” маҳалласида яшаш уйига яқин жойда автомашинани тўхтатиб, ундан тушган ва қочишга ҳаракат қилган.
Ходимлар уни тўхтатиб, оғзидан спиртли ичимлик ҳиди келаётганини аниқлаган. Шундан сўнг ҳайдовчини тиббий кўрикдан ўтказиш учун олиб боришга уринган.
Бироқ шу вақтда ҳодиса жойига ҳайдовчининг укаси Т.О., турмуш ўртоғи Н.Н., яна бир укаси Т.З. ҳамда қўшниси М.М. етиб келган. Улар хизмат вазифасини бажараётган ИИО ходимларига фаол қаршилик кўрсатиб, 2 нафар ходимга тан жароҳати етказган.
Ҳолат юзасидан Ангор тумани прокуратураси ва ИИБ тезкор-тергов гуруҳи воқеа жойига етиб бориб, суриштирув ишларини олиб борган. Шу куннинг ўзида мазкур фуқароларга нисбатан Жиноят кодексининг 219-моддаси (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Шу билан бирга, Сурхондарё вилояти ИИБ масъул ходимлари томонидан ЙПХ ходимларининг мазкур ҳолатдаги ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви ўтказилиши ҳам ташкил этилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғона вилоятида маст ҳайдовчи ЙПХ ходимини уриб юбориши оқибатида оғир тан жароҳати олган сержант вафот этгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси