Марсда илк марта суюқ ҳолдаги сув топилди

Олам

image

NASA олимлари Марсда биринчи марта суюқ ҳолдаги сувни топди. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Сув сайёра юзаси остидаги жуда катта чуқурликдан топилган. Сувнинг ҳолати жуда сифатли ҳамда суюқ ҳолатда бўлган. Олимлар NASA’нинг Mars Insight Lander зонди томонидан тўпланган маълумотларни таҳлил қилиб, Марс қобиғининг чуқур қисмида суюқ сув пуфакчаси бор деган хулосага келган. Таҳлил натижалари Proceedings of the National Academy of Sciences журналида чоп этилди.

Қўшни сайёрада сув олдин ҳам топилган, лекин у суюқ ҳолатда эмас, балки қутбларда муз ва атмосферадаги буғ қолдиқлари шаклида эди. Mars Insight Lander зонди 2018 йилда қўшни сайёра юзасига қўнган ва 2022 йилнинг охиригача бир жойдан иккинчи бир жойга силжимаган ва сайёрани зимдан кузатган. Шунда сейсмограф ёрдамида Марс қобиғининг силкиниши қайд этилган.

Нашрнинг қайд этишича, олимлар сейсмик тўлқинларнинг тезлигини ўлчаб, улар қандай муҳитдан ўтаётганини юқори эҳтимоллик билан аниқлаши мумкин. Лойиҳада иштирок этган Калифорния университети профессори Майкл Манга бу аслида Ерда ерости сув, нефть ёки газ конларини топишда қўлланиладиган усулдир.

Таҳлил шуни кўрсатдики, сув Марс юзаси остида 10-20 километр чуқурликда жойлашган.

Бу кашфиёт, профессор Манганинг сўзларига кўра, қисман “Марсдан сув қаерга кетди?” деган катта саволга жавоб беради. Марс юзасини ўрганган олимлар узоқ вақтдан бери унда бир пайтлар сув бўлган деган хулосага келган, чунки унинг юзасида дарё ва кўл излари бор. Аммо сўнгги 3 миллиард йил давомида у чўл эди.

Сувнинг бир қисми буғланиб, Марс атмосфераси билан бирга коинотга учиб кетди. Аммо баъзилари, афтидан, сирт остида қолган. Insight зонди сейсмик тўлқинларни фақат тўғридан-тўғри ўзидан пастроқда қайд этди ва шунга кўра, худди шу жойда тахминий сув конлари ҳам топилган, аммо олимлар бундай конлар Марснинг бошқа жойларида ҳам мавжудлигига ишонмоқда.

Агар ҳақиқатан ҳам шундай бўлса, уларнинг ҳисоб-китобларига кўра, бу кўринмас конларда Марснинг бутун юзасини (Тинч океани ҳудудидан кичикроқ) кўпроқ сув қатлами билан қоплаш учун етарли миқдорда сув бўлиши керак.

BBC’нинг ёзишича, ушбу захираларнинг чуқурлиги Марсни мустамлака қилишни режалаштирган баъзи миллиардерлар учун яхши нарса эмас.

“У ер қобиғида 10-20 километр чуқурликда яширинган. Марсда 10 километр чуқурликдаги тешик очиш ҳатто Илон Маск учун қийин бўларди”, деган профессор Майкл Манга.

Insight зондининг кашфиёти Марсда ҳаёт изларини қаердан излаш кераклигини ҳам кўрсатиши мумкин.

“Суюқ сувсиз ҳаёт бўлмайди. Шундай қилиб, агар Марсда яшаш учун потенциал жойлар мавжуд бўлса, улар сайёранинг сиртидан чуқурроқ бўлиши мумкин”, дея эслатади профессор Манга.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Марсда катта миқдорда муз захиралари ва кўл топилганди. Шунингдек, Ойда ғор топилгани ҳақида хабар берилганди.

 


Мақола муаллифи

Теглар

NASA Mars суюқ сув

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг