Марказий Осиё раҳбарлари саммитида бешта ҳужжат имзоланиши кутилмоқда

Олам

image

Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг учрашуви 14-15 сентябрь кунлари Душанбе шаҳрида бўлиб ўтади, унинг якунлари бўйича бешта ҳужжатдан иборат пакет имзоланиши режалаштирилган. Бу ҳақда “Нейтральный Туркменистан” газетаси хабар берди.

Айтилишича, ҳужжатлар орасида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг қўшма баёноти, қуруқликдаги транспорт соҳасида шартнома, ёшлар сиёсатининг умумий йўналишлари тўғрисидаги келишув, консультатив учрашувлар бўйича миллий координаторлар кенгаши тўғрисидаги низом, 2023-2025 йилларга мўлжалланган Марказий Осиё минтақаси аҳолиси саломатлиги ва фаровонлигини қўллаб-қувватлаш бўйича “Йўл харитаси” мавжуд.

Шунингдек, саммит доирасида Ташқи ишлар вазирларининг учрашуви бўлиб ўтади ва ўндан ортиқ параллел тадбирлар режалаштирилган. Булар Иқтисодий форум, Миллий маҳсулотлар халқаро кўргазмаси, Марказий Осиё етакчи аёллари мулоқоти аъзоларининг учрашуви, рассомлар кўргазмаси, олий таълим муассасалари ректорлари форуми, Халқаро илмий конференция, Транспорт вазирлари йиғилиши, Марказий Осиё давлатлари маданият ва санъат усталарининг гала-концерти ва бошқа бир қатор маданий тадбирлардир.

Маълумот учун, жорий йилнинг 14-15 сентябрь кунлари Душанбе шаҳрида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг бешинчи маслаҳат учрашуви бўлиб ўтади. Шу кунларда Орол денгизи ҳавзасида экологик инқирозни бартараф этиш ва ижтимоий-иқтисодий вазиятни яхшилаш мақсадида 1993 йилда ташкил этилган IFAS Кенгашининг мажлисини ўтказиш ҳам режалаштирилган. Тадбирда Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Ўзбекистон ва Тожикистон раҳбарлари иштирок этиши кутилмоқда. Аввалги учрашувлар, 2018 йилда Қозоғистоннинг Остона шаҳрида, 2019 йилда Ўзбекистоннинг Тошкент шаҳрида, 2021 йилда Туркманистоннинг Аваза шаҳрида ва 2022 йилда Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида бўлиб ўтган.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон Туркманистон Халқ кенгаши раиси Гурбангули Бердимуҳамедовга мактуб йўллаб, уни мазкур саммитга таклиф қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Тожикистон Душанбе Марказий Осиё

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг