Марказий Осиё раҳбарлари Байден билан саммит ўтказди
Олам
−
20 Сентябрь 2023
10347Кеча, 19 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Нью-Йорк шаҳрига ташриф дастурига мувофиқ Марказий Осиё мамлакатлари ва Америка Қўшма Штатлари етакчиларининг “C5+1” форматидаги биринчи саммитида иштирок этди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Тадбирда АҚШ Президенти Жозеф Байден, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғизистон раҳбари Садир Жапаров, Тожикистон етакчиси Имомали Раҳмон ва Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовлар ҳам қатнашган.
Қайд этилишича, учрашув кун тартибига мувофиқ, савдо-иқтисодий шерикликни кенгайтириш истиқболлари, “яшил” тараққиёт, энергетика хавфсизлигини таъминлаш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий қилиш, минтақавий хавфсизлик, терроризм ва трансчегаравий жиноятчиликка қарши курашиш соҳаларида ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинган.
Саммитда саккиз йил муқаддам Самарқанд шаҳрида ташкил этилган “С5+1” формати Марказий Осиё давлатлари ва Америка Қўшма Штатлари ўртасидаги очиқ ва конструктив мулоқот, барча соҳаларда самарали ҳамкорликни ривожлантириш учун муҳим майдонга айлангани таъкидланган.
Ўз навбатида, Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё минтақасида дўстлик, ўзаро англашув ва шериклик муносабатлари мустаҳкамланиб бораётгани, бу кенг ҳамкорлик учун янги ва ноёб имкониятлар яратаётганини юксак баҳолаган.
“Савдо-инвестициявий фаолиятни кучайтириш, лойиҳавий ҳамкорликни йўлга қўйиш, минтақада транспорт йўлакларини ривожлантириш, “яшил” кун тартибини илгари суриш, инсон ҳуқуқлари ва гендер тенгликни таъминлаш, таълим дастурларини кенгайтириш, Афғонистондаги вазиятнинг тинч йўл билан ҳал этилишига кўмаклашиш каби бутун минтақа ривожи учун стратегик аҳамиятга эга устувор йўналишлар кўрсатиб ўтилди”, дейилади хабарда.
Учрашув якунида минтақа мамлакатлари ва АҚШ ўртасидаги ўзаро англашувни янада чуқурлаштириш ва амалий шерикликни кенгайтириш юзасидан келишувларга эришилган.
LiveБарчаси