Марказий Осиё президентлари яна бир саммитда йиғилади
Олам
−
17 Июль 2023
9313Жорий йилнинг 18-19 июль кунлари Саудия Арабистонида Марказий Осиё ва Форс кўрфази давлатлари раҳбарларининг биринчи саммити бўлиб ўтади. Бу ҳақда Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаевнинг матбуот хизмати хабар берди.
“2023 йилнинг 18-19 июль кунлари Президент Қосим-Жомарт Тўқаев Саудия Арабистони Подшоҳлигига амалий ташриф билан боради ва “Марказий Осиё ва Форс кўрфазидаги араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши” давлат раҳбарларининг саммитида иштирок этади”, дейилади баёнотда.
Шунингдек, Қирғизистон Президенти Администрациясининг Ташқи сиёсат бўлими мудири Муратбек Азимбакиев ҳам Президент Садир Жапаровнинг мазкур саммитдаги иштирокини тасдиқлаган.
“Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон бин Абдулазиз аль Сауднинг таклифига биноан 18-20 июль кунлари Саудия Арабистони Подшоҳлигига Давлат раҳбарларининг биринчи саммитида иштирок этиш учун амалий ташриф билан боради”, дейилади Президент матбуот хизмати хабарида.
Билдирилишича, ушбу тадбир доирасида давлат раҳбарлари сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда минтақалараро ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилади.
“Қайд этиш жоизки, бу минтақалар тарихида давлат раҳбарларининг бундай форматдаги биринчи саммити”, дейди Муратбек Азимбакиев.
Ташриф доирасида Тўқаев ҳам, Жапаров ҳам Форс кўрфазидаги араб давлатлари раҳбарлари билан қатор икки томонлама учрашувлар ўтказиши режалаштирилган.
Аммо Марказий Осиё ва Форс кўрфазидаги араб давлатлари ҳамкорлик кенгашига Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг бориш-бормаслиги ҳақида ҳозирча расмий ахборот берилганича йўқ.
LiveБарчаси