Марказий банк асосий ставкани ўзгаришсиз қолдирди

Жамият

image

Бугун, 24 октябр куни Ўзбекистон Марказий банки асосий ставкани 14 фоиз даражасида – ўзгаришсиз қолдирди. Бу ҳақда Марказий банк матбуот хизмати хабар берди. 

Билдирилишича, жорий йилнинг учинчи чорагида ҳам иқтисодий фаоллик тенденсиялари давом этган. Нисбатан қатъий пул-кредит шароитлари таъминланиши, ўтган йилдаги инфлятсия омиллари ҳиссаси чиқиб кетиши ва алмашув курси мустаҳкамланишининг товарлар нархларига барқарорлаштирувчи таъсири сентябр ойида йиллик инфлятсиянинг секинлашишига хизмат қилди.

Шу билан бирга, фаол ялпи талаб шароитида ташқи таклиф омиллари билан боғлиқ нархларни оширувчи хатарлар ва хизматлар инфлятсияси юқорилиги сақланиб қолмоқда. Ушбу омилларни ҳисобга олган ҳолда, Марказий банк бошқаруви асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилган.

2025 йил сентябр ойида умумий инфлятсия даражаси 0,8 фоиз бандга пасайиб, йиллик 8 фоизга тенг бўлган. Бунда озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат товарлари гуруҳи инфлятсияси йиллик 6,1 фоизгача секинлашиб, пасайтирувчи ҳисса қўшган. Хизматлар инфлятсияси, жумладан, тартибга солинадиган нархлар таъсирисиз ҳам, талаб омиллари ҳисобига умумий инфлятсиядан юқори даражада сақланиб қолмоқда. Қатъий пул-кредит шароитлари ҳисобига талаб омилларининг бироз мақбуллашиши ҳамда алмашув курси мустаҳкамланиши таъсирида базавий инфлятсия пасаювчи динамикага ўтган ва сентябрда йиллик 7 фоизгача секинлашган. Жумладан, сўмнинг мустаҳкамланиши импорт инфлятсиясининг секинлашишига хизмат қилиб, ноозиқ-овқат товарлари нархларининг маълум даражада барқарорлашувига ёрдам бермоқда.

Сўнгги ойларда истеъмол саватида нархлари ўсиши ўтган йилнинг мос даврига нисбатан секинлашган товар ва хизматларнинг улуши ошиб бормоқда ҳамда нархлар барқарорлашуви кенг қамровли хусусиятга эга бўла бошлаганини кўрсатмоқда. Сентябр ойида аҳоли ва тадбиркорларнинг инфлятсион кутилмалари пасайишда давом этган, бироқ улар жорий ва прогноз инфлятсия суръатларидан юқори даражада сақланиб қолмоқда.

Юқоридагиларни инобатга олиб, жорий йил якунига инфлятсия прогнози пасайиш томонга қайта кўриб чиқилди ва 8 фоиз атрофида шаклланиши кутилмоқда.
Жорий йилнинг ИИИ чорагидаги юқори иқтисодий ўсиш ва инвеститсион фаоллик келгуси чоракда ҳам давом этиб, йил якунида ЯИМ реал ўсиши 7-7,5 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда.

Аҳоли реал даромадлари ошиши ва чакана кредитлаш фаоллиги харид қобилиятини қўллаб-қувватламоқда ва истеъмол талабини оширмоқда. Бу, ўз навбатида, келгусида иқтисодиётда инфлятсион босимларни сақланиб қолишига хизмат қилиши мумкин.

Шу билан бирга, энергия нархлари эркинлаштирилишининг келгуси ойларда инфлятсияга иккиламчи таъсирлари намоён бўлиши ҳамда айрим товарлар таклифи билан боғлиқ хатарлар юзага келиши эҳтимоллари сақланиб қолмоқда.
Ушбу шароитда инфлятсиянинг пасаювчи динамикасини барқарор давом этишини таъминлаш пул-кредит шароитларини жорий нисбатан қатъий даражада сақлаб қолишни тақозо этмоқда.

Нисбатан қатъий пул-кредит шароитлари иқтисодиётда жамғариш жозибадорлигини сақлаб қолиб, кредитлаш суръатларини мақбуллаштириш ва пул бозорида ресурслар нархларини мутаносиб шакллантириш орқали ялпи талабни мувозанатлаштиришга хизмат қилади ҳамда инфлятсияга монетар омилларнинг таъсирини камайтиради.

“Марказий банк томонидан ўрта муддатли истиқболда инфлятсиянинг 5 фоизлик таргетигача пасайишига эришиш мақсадида пул-кредит шароитларини етарли даражада қатъийлиги таъминланади”, дейилади хабарда.

Маълумот учун, асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича Марказий банк бошқарувининг навбатдаги йиғилиши 2025 йил 11 декабрь кунига белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, Марказий банк бошқаруви 11 сентябрдаги йиғилишида асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида сақлаб қолиш тўғрисида қарор қабул қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Марказий банк асосий ставкани

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг