Марғилон бозоридаги ёнғин уюштирилганмиди? Бош прокуратура жиноят иши қўзғатилганини айтди
Жамият
−
09 Июнь 2019
7511Аввалроқ, кеча, 8 июндан 9 июнга ўтар кечаси Марғилон шаҳрида жойлашган йирик озиқ-овқат бозорида ёнғин чиққани, тонгга қадар бозорнинг кўп қисми ёниб, кулга айлангани ҳақида хабар берган эдик. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси мазкур ёнғин юзасидан олинган тезкор маълумотларни очиқлади.
Бош прокуратурадан маълум қилишларича ёнғин соат 02:10 да Марғилон шаҳар, Пичоқчи МФЙ, Ҳиёбон кўчаси, 174А-уйда жойлашган “Марғилон умумий улгуржи савдо” МЧЖга қарашли улгуржи ва чакана товарлар сотишга ихтисослаштирилган 3-сонли савдо павильонида чиққан.
Аниқланишича, павильонда тунги навбатчиликда қолган Ш.И. соат 02:00 ларда 3-сонли савдо павильони том қисмидаги электр симида қисқа туташув бўлиб, кучли чақнаш юз берганлигини ва натижада ёнғин келиб чиққанлигини кўриб, бинони электр тармоғидан узиб, бу ҳақда дарҳол Марғилон шаҳар ёнғин қутқарув қисмига хабар берган.
Соат 02:10 да ёнғин қутқарув ходимлари ҳодиса жойига етиб борган ва соат 04:20 да ёнғин бўлган ҳудуд қуршаб олинган. Кўрилган чора-тадбирлар натижасида ёнғин соат 05:40 да бартараф этилган. Келиб чиққан ёнғин натижасида ҳалок бўлганлар ва тан жароҳати олганлар бўлмаган. Ҳозирда ёнғинни келиб чиқиш сабаблари ва бунинг оқибатида тадбиркорларга етказилган зарар миқдори аниқланмоқда.
Ёнғин оқибатида бозорнинг 1575 кв метр майдонида томи ва ички қисми ва унда сақланаётган озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари ёниб зарарланган.
Маълумот ўрнида шуни айтиш ўринлики, ушбу бозорда жами 243 та якка тартибдаги тадбиркорлар савдо-сотиқ фаолияти билан шуғулланиб келади.
Мазкур ҳолат юзасидан Марғилон шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 259-моддаси 2-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилиб тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Терговнинг бориши вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинган.
Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган суратлар ва видеоларда изоҳланишича, ёнғин шунчаки содир бўлмаган, аксинча, у уюштирилган бўлиши мумкин.
Ёнғин содир бўлган бино “Собиқ камаз цехи” қурилиш майдони бўлиб, у 10440,0 кв метр, ички фойдали майдони 10349,50 кв метрни ташкил қилади
LiveБарчаси